Қозоғистон Қатар ва Сингапур билан инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш борасида келишиб олди. Мажилис ушбу давлатлар билан тегишли келишувларни ратификация қилди ва ҳужжатни кўриб чиқиш учун Сенатга йўллади. Айтиш керак, Қатар билан шартнома бир йилдан кўпроқ вақт илгари – 2022 йил октябрида имзоланган. Бундан мақсад – инвестициявий фаолият учун қулай шароит яратиш, тўғридан-тўғри хорижий капитал оқимини рағбатлантириш ва ҳар икки давлатда иқтисодий фаровонликни яхшилаш. Дарвоқе, парламент қуйи палатасида айтилишича, Қозоғистон ва Қатар кўптомонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр. Энг аввало, савдо ва энергетика соҳаларида. Мажилис аъзолари фикрича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мазкур араб давлати бозорларига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, икра, балиқ ва асал етказиб беришга тайёр.
Серик Егизбаев, Қозоғистон
Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Қозоғистон товар газининг захиравий базасини
ошириш, газни қайта ишлаш ва газ-кимё соҳасини ривожлантириш йўли билан юқори
қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, шу билан бирга, сиқилган
табиий газ олинадиган заводлар қурилиши бўйича жиддий вазифаларни қўймоқда. Ҳамкорлик
йиллари мобайнида мамлакатларимиз томонидан очиқ сиёсий мулоқотга, келгусида фаол савдо-иқтисодий, инвестициявий ва
маданий-гуманитар шерикликни мустаҳкамлашга мойиллик намоён қилинди.
Сингапур ва Қозоғистон ўртасидаги худди шундай ҳужжат 2018 йилда имзоланган. Мазкур давлат юртимизга йўллайдиган инвестициялар бугунги кунда деярли бир ярим миллиард долларга тенг, ўзаро савдо ҳажми эса пул бирлигида 2 миллиардга яқинлашган. Ҳужжат ратификация қилиниши, депутатлар фикрича, мамлакатимизга Сингапур капиталини янада кўпроқ жалб этиш ва ишлаб турган лойиҳаларга ўхшаш янги қўшма корхоналар очишга имкон яратади. Цемент заводи ҳамда қаҳва ишлаб чиқарадиган фабрика шулар жумласидан.
Бақтиқўжа
Измухаметов, Парламент Мажилиси депутати:
- Кўриб чиқилаётган
шартнома кўзланган режаларнинг амалга ошишига ёрдам беради. Чунки инвестицияларни
рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича икки давлат инвесторларига давлат
кафолатларини беради. Сингапур инвестициявий жозибадорлиги, бизнес юритишнинг
осонлиги ва бошқа кўплаб жиҳатлари билан халқаро рейтингларда пешқадам.
Сингапурдаги бизнес-лойиҳаларга киритилган инвестициялар юқори даражада
хавфсизлиги, миллий қонунчилик эса бошқа давлатлардан келган инвесторлар
манфаатларини имкон қадар муҳофаза қилиши билан ажралиб туради.
Мажилисда таъкидлашларича, Қозоғистон инвестициялар соҳасида 49 давлат билан шу каби шартнома тузган. Йил охиригача Саудия Арабистони билан ҳам ҳужжат имзоланиши кутиляпти.