Абай вилоятида ёнғин юз берди

Абай вилоятида ёнғин юз берди

Эслатамиз, «Семей ўрмони» табиат резерватида 8 июнь куни ёнғин содир бўлган. Фавқулодлда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, олов жадал тарқалган ва эртаси куни 30 минг гектар ўрмон ўт ичида қолган. Офатга қарши курашиш учун олтита вертолёт, юзлаб техника бирлиги сафарбар этилди, қўшни вилоятлардан ёрдам юборилган. Айни вақтда, учта қишлоқ аҳолиси эвакуацияга тайёрланди. Одамларнинг бир қисми вазият оғирлашишини кутиб турмай, қариндош-уруғлариникига кетган. Жума куни кечқурун табиий офат туфайли минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ёнғин кўлами бу вақтга келиб икки марта ошган, 60 минг гектар ерни ўт қоплаб олган. Саккизта минтақадан келган Фавқулодда вазиятлар департаменти, Экология ва табиий захиралар вазирлиги ходимлари, шунингдек, Мудофаа вазирлиги аскарлари ўт билан курашишда давом этмоқда. 10 июнь кечаси ўт ичида қолган ўрмон майдони 60 минг гектарга етгани маълум қилинди. Аэровизуал кузатув давом этди, ўт ўчоқларига сув сепилди.

Абайдаги ҳолат бўйича жиноий иш очилган

Таъкидлаш лозимки, кенг кўламли ёнғин сабабларини аниқлаш учун Маҳкамалараро тезкор тергов гуруҳи иш бошлаган. Фавқулодда ҳолат бўйича жиноий иш очилди. «Эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан кўп шахснинг ўлимига олиб келган ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш» моддаси бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти. Махсус прокурор томонидан ишга масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиш бўйича жиноий иш очилган.

Серик Беркамалов, ҳуқуқшунос:

- Менимча, масъул шахслар доираси анча кенг бўлади. Улар қаторида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ўрмон хўжалиги қўмитаси ходимлари, яъни минтақада, олов чиққан ўрмонда ёнғин хавфсизлиги учун жавоб берган шахслар бўлиш эҳтимоли катта.

Тилсиз ёвни жиловлаш давом этмоқда

Берилган маълумотга кўра, ёнғинга қарши кураш давом этяпти. Бу ишда бир ярим минг одам қатнашмоқда. 300 тадан зиёд техника ишлаяпти. Кузатиш ва олов ўчоқларига сув сепиш учун 14 вертолёт ишга солинган. Ёнғин бошланганидан буён 2 минг тонна сув сепилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси