Суякка нақш ўйиш – қозоқ халқининг қадимий ҳунари. Қарағандилик уста Евгения Шульц «эркаклар иши» сифатида кўрилган бу касбни
ривожлантираётган мамлакатдаги ягона аёл. Кўчманчилар тарихи ва тажрибасидан
илҳомланиб тайёрланаётган буюмларни ясашга бир неча ой вақт сарфланади. Миллий
колоритга эга буюмлар тайёрлаш эътибор, заргарларники каби аниқлик, сабр ва
албатта касбий малака, илҳом талаб қилади. Ҳунарманднинг таъкидлашича, бу ишда
немис усталаридан ўрганган усуллари қўл келяпти. Суяк ва шохлардан
идишлар, ўтов безаклари элементлари, мебель ясалади. Евгения уларни табиий
тошлар билан безайди.
Евгения
Шульц, этнодизайнер:
- Суяк
билан ишлаш қизиқарли. Олдинига биз оддий суякни оламиз, уни яхшилаб
қайнатамиз. Қатор кимёвий моддалар
қўшамиз. Улар аниқ ўлчамларда
берилади,
акс ҳолда санъат асарига путур етиши мумкин. Тайёрланган суякни чиқариб оламиз,
илиқ ҳавода қуритамиз ва бор-машинада кесамиз.
Евгения ўн йилдан
буён наматдан картиналар, кийим-кечак ва аксессуарлар тайёрлаш билан
шуғулланади. Ҳозир Республика куни шарафига ўтказиладиган кўргазма учун қозоқ
халқи анъаналари, табиат манзаралари акс этган «Буюк Дашт мадҳияси» туркум
ишларини ҳозирлаяпти. Ундаги «Номадлар фалсафаси» картинаси Қозоғистоннинг
кўчманчилик руҳи ва тарихини ўзида акс эттирган.
Дия
Ержанова, Қарағанди шаҳридан:
- Евгения
яратган нарсалар нафақат гўзаллиги, балки ушбу буюмлар қандай яратилиши
кераклиги бобидаги чуқур тарихий билимларни ўз ичига олиши билан қадрли. Евгения янги нарсалар чиқаряпти, унга
қалбини, билими, малакасини сафарбар этади.
Рассом ишлари
хорижда ҳам юқори баҳоланади. Суяк ва наматдан тайёрланган буюмлар АҚШ, Франция
ва Германияда жуда машҳур. У хорижда шахсий кўргазмасини ташкил этишни орзу
қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

