2025 йилгача яна 800 минг ўринли мактаблар бунёд этилади

2025 йилгача яна 800 минг ўринли мактаблар бунёд этилади

2025 йилгача Қозоғистонда 800 минг ўринли мактаблар бунёд этилади. Мамлакатда улар «Шинам мактаб» дастури асосида қурилиши режалаштирилган. Ҳукумат йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров Президент Мактубини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилиши мўлжалланган умуммиллий чора-тадбирлар режасини тақдим этди. Ҳужжатга 6 йўналишдаги 109 та тадбир киритилган.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Давлат харидлари тўғрисида қонун қабул қилинади, сотиб олинаётган товар, хизмат ва ишларнинг сифат даражаси нархдан устувор бўлиши кўзда тутилади. Ҳукумат қошидаги Сув кенгаши фаоллашади, экспертлар жалб қилинади, уч йиллик сув хўжалигини ривожлантириш мажмуавий режаси тайёрланади. «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш» миллий лойиҳаси ёзиляпти. Шу жумладан, давлат-хусусий инвесторлар ҳамкорлиги йўли билан тиббий инфратузилмалар сифатини яхшилаш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ҳукумат раҳбари ҳокимликлар ва давлат органлари миллий режани рўёбга чиқариши зарурлигини таъкидлади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Режа нархларни тартибга келтириш, солиқ ва божхона, бюджет жараёнларини соддалаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, автомобиль йўллари қуриш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқ ҳимояси ва судда адолатни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини кучайтириш каби аҳоли ва бизнес учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Миллий иқтисодиёт вазирлиги ва Бош вазир девони Президент маъмуриятига тегишли фармон лойиҳасини олиб кирсин.

Муҳокама якунларига кўра, ҳукумат Давлат раҳбари топшириқларини ижро этишни кўзда тутган ҳужжат лойиҳасини тасдиқлади.

 

 

 Абдумалик Сарманов таржимаси.