Қарағандида Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Сариарқа кўчманчилик маданияти» фестивалининг якунлари сарҳисоб қилинди. Эслатамиз, миллий маданият ва ҳунарларни асрашга қаратилган ушбу тадбир ёзда бошланган. Унда жами 125 нафар уста, шунингдек, ижрочилар, ижодий жамоалар қатнашди. Улар орасида Азамат Бақия ҳам бор. У нафақат кўп қиррали созанда, балки миллий асбоблар ясовчи уста ҳамдир. Бу ерда у карнайни намойиш қилмоқда. Бу қадимий пуфлама чолғу илгари жанг пайтида аскарларга жанговар руҳ бағишлаган.
Азамат Бақия, мусиқачи:
- Авваллари «Карнай чалиб, ботирнинг эътиборини ошир», дейишарди. Бу кўҳна қозоқ чолғуси унутилаёзган. Айни пайтда карнай чалиш маҳоратини қайта тикламоқдамиз. Бу асбобни ўз қўлим билан ясаганман. Ўйлайманки, у тантанали маросимларда ўзига хос ўринга эга.
Фестивалда уста Гулбаршин Матниязова ҳам ўз ишларини намойиш этди. У 15 йил давомида наматдан кийим-кечак тикади. Тиккан либослари ҳатто хорижлик модасеварлар орасида ҳам машҳур бўлиб кетган.
Гулбаршин Матниязова, ҳунарманд:
- Яқинда АҚШлик хонанда буюртмасига кўра либос тикдим. Ҳозирда итальян ижрочиси учун миллий кийим тайёрлаяпмиз, у Димаш Қудайберген қўшиқларини куйлайди. Сўнгги пайтларда чет элликлар қозоқча намат либосларга кўп буюртма бермоқда.
Таъкидлаймиз, фестиваль ташкилотчилари тадбирни анъана тусига киритиш ва ҳар икки йилда минтақалардан усталарни тўплаш ниятида.
Хуршида Абдуллаева таржимаси