«AstraZeneca» Қозоғистонда иш юритади

«AstraZeneca» Қозоғистонда иш юритади

Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «AstraZeneca» халқаро биофармацевтика компанияси тегишли меморандумни имзолади. Корхона аввалига Қозоғистон фирмалари базасида иш юритади, сўнгра заводлар қурилиши мўлжалланган. Компания режалари амалга ошса, мамлакат иқтисодиётига миллионлаб доллар маблағ келади.

Тимур Султанғазиев, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

- Сайлов арафасида президент мамлакатда ишлаб чиқариладиган препаратлар улушини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйган. Бунга эришиш учун меморандум имзоладик.

Британиянинг энг йирик фармацевтика компанияси билан ҳамкорлик  Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими жаҳоннинг энг замонавий ва самарали амалиётларига интеграция қилинишига, тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликка йўл очади.

Александр Таришкин, Қозоғистондаги «Астразенека» фармкомпанияси ваколатхонаси директори расмий вакили:

– Бугунги кунда 40 тача дори-дармон препаратлари мамлакатда рўйхатдан ўтган. Яна 15 та инновациявий препарат олиб келиш ва рўйхатдан ўтказишни режалаштирганмиз. Пилот лойиҳадан бошлаб маҳаллийлаштириш устида ишлаймиз. Онкология, кардиология, диабет, респиратор, кам учрайдиган касалликлар учун 4 та препарат ишлаб  чиқарилади.

Бугунги кунда бошқа глобал фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича иш олиб бориляпти. Фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида АҚШ, Япония ва Европа давлатларининг етакчи компаниялари билан бирга ишлаш мўлжалланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси