Лос-Анжелесда дўмбиранинг жонли товушидан баҳра олиш, машҳур
қозоқ куйлари энергиясига ғарқ бўлиш мумкин. Америкадаги фаришталар шаҳрида
дўмбира тўгараги ишлаб турибди. Унинг ташкилотчиси - «California Qazaq
Community» бирлашмаси. Бу ерда Қўшма Штатларда яшовчи юртдошларимизнинг
фарзандлари таълим олади. Биргина
ўтган йил мобайнида ўқувчилар бир нечта йирик асар ижросини ўзлаштирди. Дарвоқе,
болалар икки гуруҳга ажратилган. Катта гуруҳдагиларнинг кўпчилиги, маълум
бўлишича, илк бора Америкада қўлига дўмбира олган.
Бекнур Абдисақип:
– Дўмбира чалишни илк маротаба шу ерда бошладим. Ҳозирда бу
чолғуни ўзлаштириб олдим. Бир нечта куйни ўргандим.
– Мени дўмбира ўзига жуда тортади. Эшитишимча, ҳар бир қозоқ бу миллий асбобни чалишни билиши керак. Мен уни худди отам сингари чалишни ўрганмоқчиман, шу боис, бу тўгаракка келдим.
Меруерт бауиржан:
– Хорижда эканлигимизда, тушундикки, ўз маданиятимиз, анъаналар ва миллий таомларни соғинар эканмиз. Шу сабабли кўпроқ мулоқотда бўлишга, шу билан бирга, дўмбира чалишни ўрганишга қарор қилдик.
Бу ерда ўқув машғулотлари ва мастер-класслар ўқитувчи-волонтёрлар томонидан ўтилади. Айгерим Нуржаубекова Қозоғистонда мусиқий таълим олган. Ўз педагогик фаолиятини эса биринчи марта АҚШда бошлаган.
Айгерим Нуржаубекова, Калифорниядаги қозоқлар ассоциацияси ўқитувчиси:
– Болалардан баъзилари Қозоғистонда дўмбира чалишни ўрганган бўлса, айримлари бу мусиқий асбобни бу ерга кўчиб келганидан сўнггина қўлига олган. Шуни таъкидлашни истардимки, улар яхши натижа кўрсатмоқда. Баъзилари 3 тадан, ҳатто 5 тадан асар ижросини билади.
Йилдан йилга дўмбира чалишни ўрганишга иштиёқмандлар сони ошиб боряпти. Айгерим Нуржаубекова айтишича, яна икки йилдан кейин Лос-Анжелесда тўлақонли қозоқ миллий фольклор ансамблини шакллантириш мумкин бўлади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси