Қўстанайда Kia автозаводи қурилиши бошланди. Унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 70 мингта автомобилга тенг. Тўла циклли корхонага Жанубий Корея компанияси 250 миллион доллар сармоя киритди. Қурилиш ишлари келгуси йилда тугаши, 2025 йилдан бошлаб завод тўла куч билан автомобиль ишлаб чиқариши кутилмоқда. Минтақа ва мамлакат учун йирик лойиҳа икки давлат ўртасида ўрнатилган тиғиз алоқалар маҳсули бўлди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари таъкидлашича, бундан ташқари, мазкур корхонанинг қурилиши иқтисодиётнинг барча соҳаларига кириб келаётган Жанубий Корея қўшма инвестициявий лойиҳалари учун намуна бўла олади. Роман Скляр ва Қўстанай вилояти ҳокими Қумар Ақсақалов заводнинг расмий очилишида иштирок этишди.
Роман Скляр,
Қозоғистон Республикаси Бош Вазири биринчи ўринбосари:
- Жорий йилнинг
январь ойида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўстанай шаҳрида Kia Sportage автомобилларининг
майда қисмли ишлаб чиқарилиши очилишида шахсан қатнашаркан, саноат кооперациясини
кенгайтириш заруратига урғу берди. Ушбу тарихий лаҳзаларда KIA Corporation ўз
тарихида биринчи марта қўшма корхонага ва Корея Республикасидан ташқарида завод
қурилишига бевосита инвестиция киритяпти. Ва бу иш Қозоғистонда амалга оширилди.
Ким Дэки, Kia
Qazaqstan заводи бош директори:
- Қўстанай вилояти
ҳокимлиги лойиҳамизни ривожлантириш учун бизга жуда яхши шарт-шароитлар тақдим
этди. Бундан ташқари, Қўстанайда юқори сифатли автомобиллар учун турли деталлар
етказиб бериш бўйича саноат қувватлари етарли. KIA компанияси ўз тарихида
биринчи марта мамлакат ҳукумати билан бирга Қўстанайда корхона ташкил этишга
қарор қилди. Биз шаҳарни Қозоғистон автомобилсозлик саноати етакчисига
айлантирамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.