Қозоғистон ҳарбийлари жасорати архив ҳужжатлари, суратлар ва солномалар саҳифасида. Нур-Султонда Майдан Қусаинов қаламига мансуб «Қозоғистоннинг Улуғ Ватан уруши йиллари ҳарбий тарихи» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Нашр икки ёрқин сана – Ленинграднинг фашистлар қамалидан озод қилиниши ва Сталинград жанги тугашига бағишланган. Ҳарбий тарихчи асарида уруш йилларида совет ва немис қўшинлари фойдаланган қуроллар, ҳарбий формалар батафсил тасвирланган. Китобга тарихчи таҳлил қилган ҳарбий ҳаракатлар юз берган жойлар картографияси илова қилинган. Муаллиф айтишича, нашр ёш, улғайиб келаётган авлод учун жуда фойдали. Шунинг учун ҳам мазкур китоб асосан ўрта ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатилиши режалаштирилган.
Майдан Қусаинов, Л.Н. Гумилёв номли евроосиё миллий университети профессори, китоб муаллифи:
- Китоб нима ҳақида? Улуғ Ватан урушининг муҳим жангларида ҳал қилувчи ўрин тутган, Қозоғистонда шаклланган ҳарбий бирлашмалар ҳақида. 314-, 309-дивизиялар Ленинградни иккинчи қақшатқич қамалдан сақлаб қолди. Ҳужумдаги душман аскарлари учун Москва йўли очилиб қолган вақтда Ақтўбенинг 316- ва 312-, Семейнинг 238-дивизияси кўксини қалқон қилди. Сибирь дивизиялари етиб келгунича Қозоғистондан борган аскарлар Москвани мудофаа қилган, улар Москва мудофаасида муҳим ўрин тутган. Бу китоб уруш ҳаракатлари, аскарлар либоси, қуроллари, Улуғ Ватан уруши даври техникаси ҳақида ҳикоя қилади.