Пойтахтда жойлашган мазкур тикув цехи икки йилдан буён ишлаяпти. Унда кийим-кечак, тиббий халатлар, ниқоблар, шунингдек, миллий нақшлар билан безалган келин сепи, чойшаблар, бошқа маҳсулотлар тикилади. Цехда кўп фарзандли оналар меҳнат қилади. Унинг бекаси – Алида Утарбаева ҳам шулар қаторида. «Алтин алқа» соҳибаси турмуш ўртоғи билан 9 фарзандни тарбиялаяпти. Шунга қарамай, аёллар кўп вақтини бизнесни ривожлантириш ва бошқа тикувчилик касбини ўргатиш билан машғул. Тадбиркор «Бизнес бастау» курсини тугатгач ушбу кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Алида Утарбаева, тадбиркор:
- Ҳозир ишларим жуда кўп, шунинг учун болалар билан асосан турмуш ўртоғим шуғулланади. Катталарим дарсдан қайтгач у ҳам ишга чиқади. Шундай меҳнат қиляпмиз. Олдин ўқидим, сўнгра 200 ойлик ҳисоб кўрстакичи миқдорида грантга машинкалар харид қилдим. Сўнгра яна 5 миллион тенгега ариза топширдим. Қайтарилмайдиган грантни жуда олгим келди. Танловда ғолиб чиқдим, бу пулга станок, машинкалар, пахта титувчи станок харид қилдим.
Келажакда Алида Утарбаева ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида, бошқа кўп болали оналарга ҳам ёрдам бермоқчи. Оналар янги касбларни эгаллайди. Айни вақтда, ўз бизнесини яратади.
Алида Утарбаева, тадбиркор:
- Ўз фарзандларимиз учун келажак яратишимиз керак, улар учун шинамлик барпо этишимиз, оёққа тургунча таъминлашимиз зарур, Кўп болали оилада улғайдим. Етти фарзанд эдик. Бир ёшга тўлганимда отам вафот этган, шунда онам ишга чиққан, бухгалтерлик қилди, давлатдан ҳеч нарса сўрамади. Ҳозир у 80 ёшда. Аллоҳ аёлларни чевар қилиб яратган. Ҳамма нарса қўлимиздан келади. Кимдир нимадир бериш шарт, деган нарса йўқ. Бировдан олишни яхши кўрмайман.
Марина Ельжасова – цех ходимларидан бири. Унинг айтишича, тикишни яқинда ўрганган, ҳозир қизиқарли эрмаги севимли ва даромадли касбига айланган.
Марина Ельжасова, тикувчи:
- Энг кичик фарзандим туғилганидан кейин муҳандис қурувчи сифатида ишлай олмаслигимни тушуниб етдим. Сўнгра бичиш-тикишга қизиқиб қолдим. Кичикина машинка сотиб олдим. Сўнгра тикувчилик бизнесига кириб кетдим, Агар ҳар бир аёл ўз иши билан шуғулланса, албатта барака топади. Севган ҳунари даромад келтиради. Давлатдан нимадир сўршига умуман ҳожат қолмайди.
Тадбиркорлик курси ва фидокорона меҳнат, ҳаётда муваффақиятга эришиш истаги Алида Утарбаеванинг бахтли ҳаётга эришишида васила бўлди, дейиш мумкин. Бугунги кунда оналарнинг моҳир қўллари кўплаб ажойиб маҳсулотлар яратаётган устахона учун буюртмалар олиш муаммоси йўқ. Чеварларнинг пойтахт туманларида, қўшни шаҳарларда харидорлари бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси