Кўҳна масжид қайта тикланмоқда

Кўҳна масжид қайта тикланмоқда

Петропавловскда 1855 йилда барпо этилган масжид қайта реконструкция қилиняпти. Унинг қиёфасини қайта тиклаш ва ўша йиллар меъморлари лойиҳасини аниқ бериш учун вилоят архиви ходимлари яқин хориждаги ҳамкасбларидан консультация олди. Бунинг учун Санкт-Петербургга махсус экспедиция уюштирилди, ҳужжатларнинг бир қисмини Бошқирдистон миллий архиви тақдим этди. Шу тариқа, объектнинг режа-схемаси, шунингдек, Россия маъмурияти амалдорларининг масжид қурилиши борасидаги ёзишмалари аниқланди.

Сауле Маликова, Шимолий Қозоғистон давлат архиви директори:

- Айрим нюанслар бўлди. Ўша пайтда бутун Россия, барча мусулмонлар учун масжид қурилишига доир ягона лойиҳа тасдиқланган, бу бир қаватли бино, катта эмас. Лекин юртдошларимиз таклиф қилган лойиҳа фарқ қиларди. Деярли икки йил муҳокама қилинган, бироқ охирида бизнинг савдогарлар таклиф қилган лойиҳада тўхталган, ўрганишимиз бўйича, бу бир қаватли жуда кўркам бино.

Масжиднинг ташқи кўриниши сезиларли тарзда ўзгарган. Деворлар декоратив сувоқ билан мустаҳкамланиб, безатилган. Лойиҳа муаллифлари дастлабки кўринишнигина эмас, ўтмиш муҳитини ҳам сақлашга интилган. Баландлиги 22 метрлик минорани ҳам тиклашга муваффақ бўлинди. Бинонинг умумий майдони тахминан уч юз квадрат метр. Бу ерда иккита – асосий ва кичик зал бўлади. Интерьерни безатиш ихчам шаклда амалга оширилган. Дарвоқе, қурилишда маҳаллий материаллар ишлатилган.

Болат Асербеков, Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси аъзоси, лойиҳа муаллифи:

- Бундай объект билан ишлаш – шарафли, аммо мураккаб иш, ўйлайманки, бу қўлимиздан келади. Контурни тайёрлаш, томини ёпиш, девор тиклаш ва шу каби ишлар амалда 95 фоиз якунланди, интерьер бўйича эса ишнинг тахминан 70 фоизи бажарилди. Деярли барчаси тайёр. Монтаж кетяпти.

Айни пайтда ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Тез орада бу ерда қарағай экилади, гулзор яратилади, ўриндиқ ва турли меъморий шакллар пайдо бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси