Қозоғистон санъати жаҳон эътиборини ўзига жалб этмоқда. Гап шунчаки техникада эмас. Юртимиз мусаввирлари асарлари ўзгача ёндашув, тасвирий санъатда акс этган бектакрор нигоҳи билан ажралиб туради. Ушбу картиналар жаҳоннинг турли қисмларидан бўлган коллекционерлар орасида шуҳрат қозонган. Нуфузли аукционларда сотилмоқда. Марат Бекеев шундай рассомлардан. Машҳур мусиқий гуруҳлар альбомлари у чизган суратлар билан безатилган, картинаси Лондондаги Christie’s аукционида сотилган.
Марат Бекеев, рассом:
- Бу картина «Ғулғула» деб аталган. Ўлчами кичик, бир метрга 90 сантиметр. 2007 йилда чизилган. «Ғулғула» ғояси қизиқарли – хавотир ҳиссини уйғотади, унда қордаги қушлар ва қулаган дарахтлар чизилган. Изтироб, хавотир, ғулғула мавзуси кўп ишларимда сезилиб туради. Ҳар сафар уни янгидан очиб беришга интиламан. Бу картинани яна, бу сафар бошқачароқ чизгим келиб юрибди.
Рассом таъкидлашича, Қозоғистонда ўз услуби, бериш усули, энергетикасига эга кўплаб профессионал рассомлар бор. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти касбий таълим олмаган. Қозоғистонликларнинг ишлари хориждаги кўргазмалардан жой оляпти. Марат Бекеев таъкидлашича, бу жуда яхши, ёшлар иқтидорини намойиш этаётганидан қувониш керак. Муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун эса тўхтаб қолмаслик, мунтазам ишлаш керак, дейди уста.
Марат Бекеев, рассом:
- Ҳозир янги иш бошлаётган ёш рассомлар жуда кўп. Лекин кўпчилигида қандайдир асос йўқлиги сезилади. Улар ўз устида ишлаши шарт. Қобилияти бор, ихлоси бор, фақат изланиш кам. Янада юқорига кўтарадиган нималарнидир топиш керак. Ҳатто тасаввурларни тескари томонга қайириши мумкин бўлган нарсаларни. Шундай юксалгинки, аввалги эришганинг ҳеч нарса эмаслигини англай ол. Тинмай ҳаракат қилиш, атрофга қараш керак. Ҳар қандай касб эгаси изланишда давом этиши керак, деб ҳисоблайман. Ишлаш лозим.
Таъкидлаш лозимки, тез кунларда Марат Бекеевнинг навбатдаги бадиий кўргазмалари бўлиб ўтади. Улар Туркия ва Озарбайжонда ташкил қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.