Масофадан туриб қандли диабетга ташхис қўйиш йўли кашф этилди

Масофадан туриб қандли диабетга ташхис қўйиш йўли кашф этилди

Қозоғистон олимларининг яна бир кашфиёти. Тадқиқотчилар диабетик ретинопатияга масофадан туриб ташхис қўйиш имконини берувчи дастур ишлаб чиқди. У кўз тубида муаммолар борлигини 90 фоиз аниқликда кўрсатиб бера олади. Фотосуратнинг рақамли усули шифокор ва бемор вақтини тежайди, нисбатан кам харажат талаб қилади, дейди янги тизим муаллифлари. Хастанинг кўз тубини суратга олиш билан олис қишлоқлардаги ўрта бўғин тиббиёт ходимлари шуғулланиши мумкин. Офтальмолог шифокор эса туман ёки вилоят марказидаги кабинетида ўтирган ҳолда масофадан туриб ташхис қўя олади. Сўнг хулоса беморнинг электрон паспортига киритилади.

Еркебулан Жанибекули, олим:

- Тизим мобиль функцияли фотоаппарат ва ўрта бўғин ҳамшираси ёрдамида кўз тубининг суратини олади ва базага узатади. Сўнгра сунъий интеллект алгоритми диабетик ретинопатия белгилари борлиги, қайси даражадалиги бўйича таҳлил ўтказади.

Назим Абдиқасимова, ҳамшира:

- Шу йил апрель ойида поликлиникамизга фост-камера келтирилди. Шу кунгача унинг ёрдамида 400 одам текширилди. Фост-камера ёрдамида касалликни эрта аниқлаш мумкин. Аппарат билан қанд диабети берадиган асоратларни кўрамиз. Беморлар кўп, натижа 10 дақиқада чиқади.

Тизим Астана ва Алмати шаҳарлари, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Ақмўла вилоятларидаги 17 та давлат ва хусусий клиникада жорий этилган. Халқаро диабет федерацияси берган маълумотга кўра, 2021 йилда дунё бўйича қанд касаллигига чалинганларнинг умумий сони 537 миллионга етган. Қозоғистонда 400 минг нафар атрофида бемор бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси