Баҳорги дала ишлари ва йиғим-терим учун маблағ ҳажми ортади

Баҳорги дала ишлари ва йиғим-терим учун маблағ ҳажми ортади

Қозоғистонда баҳорги дала юмушлари ва йиғим-теримни молиялаштириш ҳажми ошади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида маълум қилинишича, шу мақсадга қўшимча 70 миллиард тенге йўналтирилади. Шу тариқа, маҳаллий қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бюджетдан ажратиладиган маблағ 140 миллиард тенгени ташкил қилади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида тегишли вазирлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаров айтиб ўтди. Унинг келтиришича, тахминан 1 минг 300 хўжалик қўшимча осон кредит ажратиш йўли билан қамраб олинади. Умуман, баҳорги дала ишларига тайёргарлик масаласи вазирликнинг доимий назоратида, таъкидлади спикер. Ўз навбатида, Бош вазир Алихан Смаилов уқтирганидек, юқори рентабелли, экспортга йўналтирилган экинлар экилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим, хўжаликлар эса экин майдонларини кенгайтириши керак.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Маълумингизки, ҳозирда дунёда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ошмоқда ва нархи кўтарилиши кузатилмоқда. Шу билан боғлиқ ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган ички истеъмолни қоплаш ва экспорт салоҳиятини ошириш муҳим вазифадир. Айни пайтда, баҳорги дала юмушларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш асосий вазифа саналади, зеро, бу мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир масаладир. Ўз навбатида, Ҳукумат баҳорги экиш юмушларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш бўйича керакли қарорларни қабул қилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси