V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида 1 минг 300 нафар волонтёр меҳмонлар ва иштирокчиларга ёрдамга шай туради. 4 ярим минг нафардан зиёд одам бу анжуманда кўнгилли сифатида қатнашиш истагини билдирган. Қирғизистон, Ўзбекистон, АҚШ, Туркия, Германия, Франция, Испания, Корея, Туркманистон ва Гана Республикасидан таклифлар келди. Кўнгиллилар меҳмонларни кутиб олади ва кузатади, маълумотлар беради, объектларда турли ташкилий ишларни амалга оширади. Улар махсус форма, озиқ-овқат, транспорт, интернет билан таъминланади. Астанага биринчилардан бўлиб, Бишкекдан 10 нафар волонтёр етиб келди.
Саулет Абуов, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик ва уни ўтказиш дирекцияси волонтёрлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси:
– Волонтёрларни саралаш январь ойидан бошланган. Улар орасида талабалар ва ёшлардан ташқари Астанадаги Узоқ умр марказларидан нафақахўрлар ҳам бор. Бу кексалар ўзларини «Кумуш волонтёрлар» деб атайди. Кўнгиллиларни танлашда биз чет тилларини, қозоқ миллий урф-одат ва анъаналарини, миллий ўйинларни билишига эътибор қаратдик. Волонтёрлар қозоқча меҳмондўстликни намойиш этади.
Ербўл Бахтияруулу, волонтёр, Қирғизистон/:
– Мен 4-5 йиллик волонтёрлик тажрибасига эгаман. Биз чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, кўнгилли равишда бошқаларга кўмаклашамиз, халқаро тадбирларда ҳам иштирок этишга интиламиз. Бизга тегишли форма ва комбинезонлар берилди, чопонлар ҳаммамизга жуда ёқди.
Волонтёрлардан ташқари, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида 150 нафар тиббиёт ходими, 23 нафар ветеринар ишлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.