Кўчманчилар маданий мероси - 3Д форматда. Павлодар вилоят тарих-ўлкашунослик музейида тош ҳайкаллар, эрта темир даври ёдгорликлари, қоятош суратлари ва бошқа артефактларни кўриш мумкин. Бу ерда қадимий ёғоч тароқнинг аниқ нусхаси ҳам бор. Уни сармат аёли ишлатган. Тароқ бошқа идишлар билан бирга дафн гулханида ёқилган, тупроқда фақат унинг тошга айланган изи қолган. Ноёб артефакт Қозоғистон ғарбидаги Тўқсай мозоридан топилган.
Георгий Пересветов, археолог:
- Ёғоч, намат каби материаллар амалда деярли мутлақо сақланиб қолмаган. Археологлар топган артефактлар ҳам ёмон аҳволда эди. Шунинг учун улар одатда кўргазмага қўйилмайди, археологлар, музей жамғармаларида қолади.
3Д-сканерлаш орқали археологлар скиф-сак даврига оид ўнлаб артефактларни деярли асл кўринишда қайта яратди. Евроосиё кенгликларида, Монголия, Олтойдан Қора денгизгача бўлган улкан ҳудудда, шу жумладан, Павлодарда, Иртиш соҳилида яшаган қадимги одамлар шу буюмлардан фойдаланган.
Гулдана Адилова, кўргазма томошабини:
- Қозоғистон тарих дарсликларида кўп нарсалар ёритиб берилган, бу ерда уларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Лол қолдик. Кўргазмада кўплаб қадимий объектлар бор. Бошқа экспонатлар ҳақида ҳам кўпроқ нарса билишни истардик.
Кауа Шаймарданова, талаба:
- Одамни жуда ҳайрон қолдиради. Ҳозир ҳамма нарса механизациялашган. Замонавий технологиялар ёрдамида яратилади. Авваллари эса қўлда ишланган. Шуниси қизиқ.
Таъкидлаш лозимки, Евроосиёда топилган артефактларнинг 3D-нусхаларини яратиш ишлари давом этмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси