Пойтахтда «550 қозоқ мақол ва маталлари» китоби венгер тилида тақдим этилди. Айни пайтда, меҳмонлар эътиборига яна бир нашр - «Кунларнинг иллюстрацияли хроникаси» ҳам ҳавола этилди. Айтиш керак, қозоқ тили хазинаси – машҳур мақол-маталлар таржимаси венгер шоири Ференц Будага тегишли. Муаллиф бу ишини венгер туркологи Иштван Конгур Мандокига бағишлаган. Ўзига хос тўплам олимнинг Марказий Осиёга қилган тадқиқот сафарлари чоғида олинган фотосуратлар билан бойитилган. Айтиш керакки, шоир қозоқ маданияти билан алоқа боғлаганига ўттиз йилдан ошган. Унинг қозоқ халқ эртакларидан қилган илк таржимаси 1988 йилда босилиб чиққан.
Шандор Лежак, венгрия миллий мажлиси раис ўринбосари:
- Мен Қозоғистон заминига келишни анчадан бери орзу қиламан. Қозоқ халқининг тараққиётга, озодликка интилиши, анъаналарга қатъиян содиқлиги ва мозийга ҳурмат билан қараши ҳаяжонга солади. Қозоқ мақоллари эзгуликни ўргатади. Мақолларимиз жуда ўхшаш. Масалан, бизда ҳам «Болали уй бозор, боласиз уй мозор» деган мақолга яқин мазмундаги гап бор.
Адил Ахметов, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб:
- Мақолу маталлар ҳар қандай тилнинг муҳим таркибий қисми саналади. Биздаги мақолларнинг венгерларники билан ўхшашлиги биродар халқ эканлигимизни билдиради. Меросимиз венгер тилига ўгирилмоқда, бу маданиятларимиз ўртасидаги ришта мустаҳкамлигини англатади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси