Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ЮНЕСКО номоддий-маданий меросни асраб-авайлаш бўйича энг яхши амалиётлар рўйхатига киритилди. Бу оддий мақом эмас, балки глобаллашув шароитида ўз тарихий идентификациясини сақлаш имконияти ҳамдир. Ташкилот жами бўлиб жорий йилда бутун дунёдан 59 та номинацияни эълон қилганди. Қирғизистон Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинини ўтказиш ташаббуси билан биринчи рақам остида. Мутахассислар айтишича, номадлар мусобақаси ЮНЕСКО рўйхатига киритилишининг сабаби дунё халқларида кўчманчилик этноспорт анъаналарига қизиқиш уйғотганидадир.
Азамат Жаманқулов, Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири:
- Бу нафақат маданиятимиз, спортимиз, унинг миллий турларини сақлашга хизмат қилади, балки спортнинг бошқа миллий турларини тарғиб қилиш ва сақлашда ёрдам беради. Шу боис, бугунги кунда маданий меросни сақлайдиган халқаро майдон ўлароқ тан олинган.
Айнаш Анарбекова, волонтёр:
- Шундай улкан воқеа юз бермоқда, албатта, биз ҳисса қўшганимиздан, маданий мерос сифатида ЮНЕСКО рўйхатидан жой олганимиздан мамнунмиз. Бу биз учун жуда катта шараф бўлади. Ҳар ҳолда, анъаналарни сақлаш ва авлоддан-авлодга етказиш жуда масъулиятли вазифа.
Таъкидлаймиз, кўчманчиларнинг этноспорт беллашувларини ўтказиш ғояси 2012 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия президентлари қатнашган Туркий тилли давлатлар саммитида маъқулланган. Икки йилдан кейин Иссиқкўл соҳилидаги курортда дастлабки Бутунжаҳон кўчманчилар ўйини бўлиб ўтганди, кейинчалик яна икки марта ташкил этилди. Дарвоқе, қозоғистонликлар бу ўйинларда медаллар ҳисобида етакчи ўринларни олган.
Абдумалик Сарманов таржимаси