Йирик темирйўл лойиҳаси устида иш бошланди

Йирик темирйўл лойиҳаси устида иш бошланди

Янги темирйўл лойиҳасини рўёбга чиқариш миллий маҳсулотни мунтазам экспорт қилиш ва мамлакат транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Қарағанди вилоятида «Кучли минтақалар - мамлакат тараққиёти драйвери» миллий дастури доирасида «Дўстиқ-Мўйинти» темирйўл участкасининг иккинчи йўли қурилиши устида иш бошланди. Линия узунлиги 836 километр бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа доирасида ўнлаб кўприк ва автойўл ўтиш жойлари, юзлаб сув ўтказгичлар, энергетика ва алоқа объектлари бунёд этилади. Қурилишни 2025 йилнинг 4-чорагида тугатиш режа қилинган.

Қанат Алмағамбетов, «ҚТЖ» миллий компанияси бошқарув раиси ўринбосари:

- Айни вақтда ушбу қурилиш Хитойга ва Хитойдан Европага транзит юк ташувига қўшимча туртки бўлишига умид қиламиз. Иккинчи томондан, мазкр қурилиш темирйўл инфратузилмаларини модернизациялаш имкониятини оширади. Бундай қурилиш учун ишлатиладиган маҳсулотларнинг 85 фоизи Қозоғистонда ишлаб чиқарилиши ҳам иқтисодиётга туртки беради. Асосан қозоғистонлик мутахассислар жалб қилинади.

Қурилиш бошланишига бағишланган тадбирда Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов телекўприк орқали иштирок этди. У таъкидлаганидек, мамлакатда сўнгги беш йил ичида транзит контейнер юк ташуви 4 марта ошди. Жорий йилнинг 10 ойи давомида экспорт йўналишида юк айланмаси 74 миллиард тонна-километрни ташкил қилди. Бу эса ўтган йилдагидан 11 фоизга кўп.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Лойиҳа Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра рўёбга чиқариляпти. Транспорт инфратузилмалари ривожига катта туртки беради. Участканинг ўтказиш қувватини 5 марта ошириш ҳамда экспорт юк ташуви муаммосини тўлиқ ҳал қилади. Мазкур лойиҳа амалга ошса, бюджетга тушадиган умумий даромад 20 йил ичида 4,1 триллион тенгени ташкил қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси