Бугун Россия Президенти Владимир Путиннинг Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига
кўра Қозоғистонга ташрифи бошланади. Куни-кеча
Россиянинг «Известия»
ижтимоий-сиёсий
нашрида Давлат раҳбарининг мақоласи чоп этилди. Унда Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам
дўстлик намунаси бўла олишини таъкидлаган.
Стратегик ҳамкорлик ва иттифоқ тиғиз тарихий ва
маданий алоқалар, шунингдек
икки халқнинг келажаги учун масъулият ҳиссига асосланган. Икки
давлат ҳукуматлари ва бизнесининг
фаоллиги туфайли савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб боряпти. 2023 йилда
Россия компаниялари Қозоғистонга 3 миллиард
доллардан зиёд сармоя киритди. Мамлакатимиз ҳам Россия
иқтисодига тахминан шундай инвестиция йўллади. Мақолада
Қозоғистон ва Россия турли соҳаларда лойиҳалар рўёбга
чиқараётгани таъкидланган. Шундан умумий қиймати 18 миллиард
доллардан кўпроқ бўлган 90 таси
ишга туширилди, яна
49 таси
устида иш давом этяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев
фикрича, келгуси
учрашувда Россия Президенти билан қатор масалалар муҳокама қилинади.
«Казахстанская правда»да В. Путиннинг мақоласи чоп этилди
Айни вақтда, давлат ташрифи арафасида «Казахстанская правда» газетасида Россия президентининг мақоласи чоп этилди. Владимир Путин таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик кўринишига эга ва барча йўналишларда фаол ривожланяпти. Икки томонлама товар айланмасининг ортиши ҳам бунга далил бўла олади. Ўтган йили у рекорд даражага кўтарилди ва 28 миллиард долларни ташкил қилди. 2024 йилнинг 9 ойи ичида эса 20 миллиардга етди. Владимир Путиннинг маълум қилишича, икки давлат компаниялари қатор қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқарди. Бу эса Россия ва Қозоғистон иқтисодларини модернизациялаш ҳамда технологик суверенитетини мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Владимир Путин, шунингдек, «Росатом» давлат корпорацияси тенгсиз технологияларга эгалигини, Қозоғистон томони билан янги кенг қамровли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тайёрлигини тилга олди. Мақола ниҳоясида Владимир Путин Россия республикамиз билан кўп томонлама иттифоқчилик алоқаларини кенгайтириш ниятида эканлигини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси