Қозоғистонликлар тобора кўпроқ ижтимоий тадбиркорликка эътибор қаратяпти. Бу йўналиш мутахассислари ишлаб чиқарган маҳсулот сифати билан ажралиб туради, энг инжиқ харидорнинг ҳам кўнглига йўл топади. Пойтахтдаги ижтимоий устахоналардан бирининг соҳиби Эмин Аскеров шундай ҳисоблайди. Тадбиркор бу ишни 2015 йилда бошлаган, ҳозир унинг қўл остида ижтимоий заиф қатламларга тегишли 53 фуқаро ишлайди. Жумладан, улар орасида ёлғиз оналар, болалар уйлари тарбияланувчилари, соғлиги туфайли имконияти чекланганлар, қамоқ жазосини ўтаб қайтганлар бор.
Эмин Аскеров, ижтимоий тадбиркор:
- Ишлаб чиқариш кластерига ўхшаган нарса. Таркибида дурадгорлик, тикув, кавшарлаш, полиграфия цехлари бор. Ўтган йилдан бошлаб, минтақаларга чиқа бошладик. Биринчи филиал Павлодарда очилди, ҳозир Семейда цех очиш ниятидамиз. Нима билан шуғулланамиз? Мижозлар учун зарур нарсаларнинг ҳаммаси ишлаб чиқарилади. Масалан, ҳозир болалар учун зарур нарсалар ясашга киришдик. Бу «антигажет маҳсулот» дейилади. Масалан, «Ўзинг йиғ» туркуми. Табиий ёғочдан ишланган бузиб-йиғиладиган машина. Бола учун қизиқарли.
Айтмоқчи, ўйинчоқларга россияликлар ҳам қизиқиб қолди. Қўшни давлатдан Қозоғистон маҳсулотига буюртма тушди. Эмин Аскеров мамлакатнинг қатор компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ижтимоий тадбиркор маҳсулотлар харидоргирлигини истеъмолчи учун сифатли буюм биринчи ўриндалиги билан боғлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси