Иссиқлик тармоқлари эскириши 43 фоизгача қисқартирилади

Иссиқлик тармоқлари эскириши 43 фоизгача қисқартирилади

2029 йилга бориб, Қозоғистонда иссиқлик таъминоти тармоқларининг эскириши деярли ярмига қисқартирилиши режа қилинган. Жорий йилда эскириш даражаси 75 фоиздан ортиқ бўлган 47 та алоқа лойиҳасини амалга ошириш учун 69 миллиард 400 миллион тенге ажратилди. Ушбу маблағ эвазига республикамизда тахминан 107 километрлик иссиқлик тармоғи реконструкция қилинади. Ҳукумат йиғилишида олдинда турган иситиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири айтишича, Ақмўла ва Павлодар вилоятларида иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш учун ҳукумат захирасидан маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу - 13 миллиард тенгедан зиёд маблағ. Хусусан, Экибастуздаги 4 та иссиқлик магистралини реконструкция қилиш ва Павлодарда янги тармоқлар қурилиши режа қилинган. Марат Қарабаев, шунингдек, кейинги иситиш мавсумида пойтахтда ҳамда мамлакатнинг иккита мегаполиси - Алмати ва Чимкентда иссиқлик таъминоти ишончли бўлиши учун маҳаллий ижро органларини бир қатор зарур чораларни кўришга чақирди.

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири: 

- Иситиш даври тугаганидан кейин, 2023 йилнинг 1 июнига қадар бўлган муддатда иссиқлик тармоқлари ҳолатини техник текширувдан ўтказиш ва хусусий тармоқларни коммунал мулкка ўтказиш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш, келгуси йилда бўладиган қурилиш-монтаж ишлари таъминланиши учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини 2023 йил охиригача якунлаш, ёзда кўмирни ёпиқ жойлар ва ўраларга жойлаштиришни бошлаш, савдо биржаси шаффоф ишлаши ва ҳажм тенг тақсимланишини таъминлаш зарур. 

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси раиси Алихан Смаилов маърузачиларни тинглаган ҳолда, Ҳукуматга иситиш тизимларини алмаштириш бўйича ишларни самарали ва ўз вақтида бажаришга оид топшириқлар берди.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири: 

- Вилоятлар ҳокимлари Энергетика ҳамда Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирликлари билан биргаликда барча уй-жой-коммунал хўжаликлари,  уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини 2023-2024-йиллар иситиш мавсумига тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва уни амалга оширишга зудлик билан киришсин. Иккинчидан,  Саноат вазирлиги Энергетика вазирлиги ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда 1 июнга қадар мавжуд иссиқлик тармоқлари ҳолатини техник текширувдан ўтказиши лозим.