Қозоғистонда «Мутолаа тунлари» бошланди. Бу кўламдор лойиҳа муаллифи – Франциянинг Қозоғистондаги элчихонаси. Январь ойининг сўнгги декадасида ўтаётган учрашувлар мамлакатнинг 7 шаҳрида ташкил қилинган. Нур-Султонда адабиёт шинавандалари «Бовари хоним»ни муҳокама қилди. Бу асар бежиз танланмаган – жорий йилда китоб муаллифининг юбилейи нишонланади - Густав Флобер таваллудига 200 йил тўлди. Ижодий учрашув иштирокчилари орасида республикадаги француз ҳамжамияти аъзолари, талабалар, шунингдек, таниқли ёзувчи ижоди ихлосмандлари бор. Тадбир формати – муҳокама-мунозара, йиғилганлар интеллектуал викторинада қатнашиб, совғалар, совринларга эга бўлди.
ДИДЬЕ КАНЕСС, ФРАНЦИЯНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ:
- Тадбирни ташкил қилишда француз альянслари, шунингдек, кутубхона, клуб, маданий ҳамжамиятлар каби маданият масканлари қатнашяпти. Ҳар бир ҳамкор ўз мавзусини танлаган, шаҳарларда турли тадбирлар ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, «Мутолаа тунлари» Алмати, Чимкент, Қарағанди, Қўстанай, Ўскемен ва Атираудаги юзлаб француз адабиёти шинавандаларини бирлаштирди. Асосий жанрлар қаторида насрий асарлар билан бирга шеърият, масаллар ҳам олинган. Эслатамиз, бундай тадбирлар илк марта 4 йил муқаддам, Франция маданият вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган. 2017 йилда жаҳонда 6 мингдан зиёд кеча ташкил қилинган, улардаги мунозара майдончаларида турли ёшдаги 650 мингта одам йиғилган.