Иш учун чегара йўқ

Иш учун чегара йўқ

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида «Чегарасиз меҳнат» хизмати ишга туширилди. Хизматчиларни танлаб олишнинг халқаро тизими бирлашмага аъзо давлатларнинг дастлабки рақамли қўшма лойиҳаси. Бугунги кунда ягона майдончада 2 миллиондан зиёд резюме ва беш мамлакат миллий меҳнат биржаларининг 500 мингдан зиёд вакансиялари киритилган.

Гегам Варданян, Евроосиё иқтисодий комиссияси ички бозорлар, рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари вазири:

- Бу лойиҳа иттифоққа аъзо давлатлар, ваколатли органлар, операторлар ўртасидаги фаол, тиғиз ҳамкорликнинг ёрқин намунаси. Ушбу мураккаб ишни биргаликда амалга ошира олдик. Натижада, биз мамлакатларимиз фуқаролари учун фойдали лойиҳа яратдик. Мазкур хизматдан фойдаланиш ниятида бўлганлар учун қисқача маълумот: унда беш мамлакатдаги ишлаб турган тизимлар иштирок этади. Бу жуда муҳим. Масалан, Арманистон Республикасини олсак. Унда ходимларни излаб топишга мўлжалланган «Горц» ахборот тизими. Беларусь Республикасида – бандлик давлат хизмати ахборот портали. Қозоғистон Республикасида - «Енбек» ахборот портали.

Экспертлар маълум қилишича, Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон ва Россия миллий меҳнат биржалари интеграцияси ўтган йилдан бошланган. Вакансиялар рўйхати жуда кенг: малака талаб қилинмайдиган касблардан тортиб, турли компаниялар бошқарувчи менежерларигача. Шуни ҳам айтиш керакки, ЕОИИ давлатларида ишлаш учун фуқаролар иш берувчи билан шартнома тузиши зарур.

Николай Брюханов, Қозоғистон Республикаси меҳнат захираларини ривожлантириш департаменти директори:

- Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатларида ишлаш учун қўшимча ижозатнома талаб қилинмайди. Бу давлатлар фуқаролари ишга қабул қилиниш бўйича тенг ҳуқуқларга эга. Иш берувчи билан шартнома тузишнинг ўзи етарли. Унда ишчи ва иш берувчи ҳуқуқлари, вазифалари кўрсатилади. Меҳнат шартномаси ишхона жойлашган давлат қонунларига кўра тузилади.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистонда жорий йилда 30 минг хорижлик фуқаро ишлаши мумкин. Ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳар йили республикага бошқа давлатлардан мутахассислар жалб этиш бўйича квота белгилайди. Вазирлик ҳисобига кўра, ҳозир

мамлакатда 15 мингдан зиёд меҳнат мигранти бор. Уларнинг кўп қисми Хитойдан. Қозоғистон ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистон, Туркия, Ҳиндистон ва Буюк Британия фуқаролари меҳнат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси