Қозоғистонда кенг миқёсли демократик ислоҳотлар ўтказилади ва инсон ҳуқуқлари халқаро
мажбуриятларга мувофиқ равишда муҳофаза қилинади. Бунинг
учун зарурий қонунчилик шароити яратилган, дея маълум қилади Ақўрда матбуот
хизмати. Шунинг натижасида мамлакат демократик тамойилларни илгари суришда
минтақавий етакчига айланди. Хусусан, суперпрезидентлик ваколатлари
тугатилишига йўналтирилган конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, партияларни
рўйхатга олиш қоидалари соддалаштирилди, Мажилис ваколатлари кенгайтирилди. Биринчи
маротаба туман ва шаҳарлар даражасида ҳокимларнинг бевосита сайлови бўлиб ўтди.
Бошқарувда ва қарор қабул қилинишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш мақсадида
Миллий қурултой фаолияти йўлга қўйилган. Ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш тизимини ҳам мустаҳкамлади. Суд мустақиллигини кучайтиришга қаратилган
қонунчиликка тузатишлар қабул қилинди. Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман
институти тўлақонли ишлаб турибди, қозоғистонликлар тўғридан-тўғри мурожаат
қилиши мумкин бўлган Конституцион Суд ташкил этилган.
Хуршида
Абдуллаева таржимаси.