Хорижлик экспертлар Қозоғистонда ўтказилаётган сиёсий ислоҳотларни юқори баҳолади

Хорижлик экспертлар Қозоғистонда ўтказилаётган сиёсий ислоҳотларни юқори баҳолади

Қозоғистонда ўтказилаётган сиёсий ислоҳотлар мамлакат барқарорлиги, ташкилотларнинг пишиқ-пухталигини оширишга қаратилган. Назарбаев  Университет профессори Юлай Шамильўглу Давлат раҳбарининг Миллий қурултойда тилга олган сиёсий тизимни модернизациялаш ташаббуслари тўғрисида шундай фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, вице-президент лавозими киритилиши ва бир палатали Парламентга ўтиш халқаро амалиётга хос ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширади. Эксперт айни вақтда Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири эканлигини, унинг кўп векторли ташқи сиёсат юритаётганини, халқаро ҳамкорлар билан тенг мулоқот сари интилишини кўрсатиб ўтди.

Юлай Шамильоглу, профессор:

- Мен Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг мамлакатни модернизация қилиш ва сиёсий тизимни янгилаш, унинг барқарорлигини ошириш бўйича амалга ошираётган ишларини юқори баҳолайман. Улар биринчи навбатда мамлакатда тинчлик-осойишталикни сақлашга қаратилган, деган фикрдаман. Барқарорлик эса мазкур минтақа учун жуда муҳим. Шу каби кўплаб ўзгаришлар бошқарув тизимининг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган.

Тошкент Давлат ҳуқуқшунослик университети профессори Гаухар Юлдашева фикрича, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар мамлакатнинг ҳуқуқий давлат сифатида мақомини мустаҳкамлайди. Давлат раҳбарининг Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги нутқи тизимли ва стратегик аҳамиятга эга. Эксперт таъкидлашича, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштироки замонавий халқаро тенденцияларга мос келади, демократияни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Гавҳар Йўлдошева, профессор, ҳуқуқшунослик фанлари доктори:

- Мен бу ташкилот халқнинг давлат қабул қилаётган турли қарорларга халқнинг муносабатини кўрсата оладиган бугунги кундаги энг муҳим институтлари қаторида кўраман. Мен буни халқ демократияси белгиларидан бири, деб ҳисоблайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси