Астанада бўлиб ўтаётган Иннопром саноат кўргазмасида тиббиёт соҳасидаги замонавий ёндашув ва инновациялар намойиш этилди. Маҳаллий мутахассислар ишлаб чиққан лойиҳа сунъий интеллект алгоритми ёрдамида кўз хасталикларига ташхис қўйишга мўлжалланган ўзига хос тизимдан иборат. Бугунги кунга қадар бундай тизимдан фойдаланган ҳолда 36 мингдан ортиқ беморда диабетик ретинопатия ёки бошқа патологиялар белгиларини аниқлаш учун кўз текшируви ўтказилди. Уларнинг 10 минг нафарида касалликнинг эрта босқичи аниқланди. Лойиҳанинг ишлаш схемаси оддий. Бемор ўзи яшаб турган ҳудуддаги клиникага мурожаат қилади, у ерда ўрта тиббиёт ходими махсус фундус-камера кўмагида кўз туби фотосуратини олади. Суратлар автоматик тарзда электрон булутга юкланади, у ерда эса сунъий интеллект текширувидан ўтади. Дарвоқе, жараён 5-7 дақиқадан кўпга чўзилмайди. Қозоғистонликлар ҳозирда мамлакатнинг 24 та клиникасида бемалол шундай скринингдан ўтиши мумкин. Ташхис аниқлиги 91 фоиздан юқори.
Жанибек Еркебулан,
Кўз тубини тадқиқ қилиш тизимини ишлаб чиққан компания директори:
- Биз ушбу тизим жорий қилинган муассасаларга
у билан бирга ускуналарни ҳам берганмиз, бемор терапевтдан йўлланма олиши ва
шифокор кўригига бориши керак, у ерда мазкур скрининг жараёнидан ўтади. Скрининг
доирасида кўз тубидаги бошқа муаммолар ҳам аниқланади, шифокор хулосага бу
ҳолатларни ҳам киритиши мумкин, жумладан, глаукома, ёшга доир молекуляр дегенерация,
тўр парда ҳосил бўлиши, тўр парда томирлари ангиопатиясини аниқлаш бўйича катта
имконият яратилди. Лойиҳамиз Фан жамғармаси томонидан молиялаштирилган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.