Мамлакатнинг бош қомуси – Конституциясидан «ўлим жазоси» тушунчаси чиқариб ташланди. Эслатамиз, ўтган йили олий жазо Жиноят кодекси ва бошқа қонунлардан олиб ташланганди. Бўлиб ўтган махсус брифингда Конституцияга киритилаётган ушбу ва бошқа ўзгаришлар, қўшимчалар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Конституциявий кенгаш ҳам ўзгаради. Унинг ўрнига Конституциявий суд тузилади, қозоғистонликлар бу ташкилотга бевосита мурожаат этиши мумкин. Жаҳоннинг 70 давлатида бугунги кунда ана шундай амалиёт мавжуд. Парламентни шакллантириш ва унинг фаолиятига оид қатор ўзгаришлар бор. Шу жумладан, Конституциявий қонунлар палаталарнинг қўшма мажлисида қабул қилиниши таклиф қилинди.
Бақит Нурмуханов, ишчи гуруҳи аъзоси, конституциявий кенгаш девони раҳбари:
- Конституцияга ушбу ўзгаришлар киритилган тақдирда Давлта раҳбари тилга олган Иккинчи Республика ғояларини бемалол ҳаётга татбиқ этиш имкониятига эга бўламиз. Сиёсий-ҳуқуқий тизимда ўзаро уйғунликда ишлаш механизмлари, давлат ташкилотларининг аҳоли олдидаги масъулияти ошади. Умуман олганда, Давлат раҳбари ғояларининг рўёбга чиқарилиши Конституцияга мувофиқ ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, аҳолининг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини, қонун тартибини мустаҳкамлашга хизмат қилади, аҳоли ишончини оширади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.