Ақмўла вилоятининг 64 та аҳоли пункти қадимий номлари аниқланди. Тадқиқот натижалари XVIII асрнинг иккинчи ярмидан XX аср бошигача бўлган даврни ўз ичига олади. Тўпланган маълумотлар Қозоғистон пойтахтида тақдим этилган «Ақмўла вилоятининг тарихий топонимлари» китоб-альбомига киритилди. Илмий иш мамлакат давлат архивларида, Омск вилояти географик ва картографик архивлари базасида тўпланган материалларга асосланган. Шу жумладан, аҳоли кўчирилиши ҳамда дашт генерал-губернаторларининг ерлар ва дарёлар номини ўзгартириш, расмий ҳужжатлар нусхалари келтирилган. Минтақада шу кунгача русча номини сақлаб келаётган аҳоли манзилгоҳлари улуши 40 фоиз, дейди китоб муаллифи Ирина Бекзат қизи. Унинг таъкидлашича, бу топонимларни ўрганиш бўйича катта илмий ишнинг бошланиши, холос. Келажакда шу каби тадқиқотлар Шимолий Қозоғистон, Қўстанай ва Павлодар вилоятларида ҳам ўтказилади.
Ирина Бекзат қизи, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи «Халқ хазинаси» илмий-тадқиқот институти илмий ходими:
– Бугунги кунда мамлакатимизда бошқа тиллардаги номлар жуда кўп. Масалан, посёлкалар. Биз уларга қадимий қозоқча номларни қайтариш зарур, деб ҳисоблаймиз. Тадқиқотларимиздан мақсад ҳам шу. Келажакда биз шунчаки ўрганиш билан чекланмаймиз, таклифларни республика ономастика комиссиясига тақдим этамиз. Ташаббусимиз қўллов топса, кўплаб тарихий номлар қайтарилади, деб ўйлайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси