Хорижлик спортчилар V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёрланяпти

Хорижда ҳам V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёрланишяпти. Венгрия спортчилари ҳам Астанада ўз маҳоратини намойиш қилмоқчи. Улар тўғизқумалоқ ва мангала ўйинида қатнашишади. Венгер спортчиларининг таъкидлашича, бу халқ кўчманчилик анъаналари ва ўйинларини унутишмаган. Миллий беллашувларда ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. Шунга қарамай, венгер иштирокчиларнинг тайёргарлиги анъанавий усуллардан фарқ қилади. Улар сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишяпти.  

Балаж Гёнтер, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчиси, Венгрия:

– Мен тўғизқумалоқ учун компьютер дастурини ёздим. У анча оддий, аммо юришларни таҳлил қилиш имконини беради. Яқинда дўстларимга тўғизқумалоқ ва мангалани намойиш этдим. Ҳаммасига ёқди. Венгрияда ҳам одамлар спортнинг ушбу турлари билан шуғуллана оладиган маркза очиш умидидамиз. Фақат интеллект эмас, жисмоний тайёргарлик талаб қиладиганларини, масалан, асиқ атуни ҳам ривожлантирамиз. 

Тимеа Янурик, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчиси, Венгрия:

– Венгрияда асиқ атуга ўхшаш ўйинлар бор. Бунинг учун суяклар, тош ва ҳатто тугмалардан фойдаланамиз. Қозоқ халқида асиқ ўйини борлигини билмаганман. Бу ўйинлар илдизларимизни акс эттиради, дейман. Қозоқ маданияти орқали Венгрия ўз маданиятини чуқурроқ ўрганади. Ўйинларда қатншишдан ташқари, қозоқ маданияти билан танишиш ҳам муҳим, деб биламан. 

Турк спортчилари ҳам V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида ўзини синаб кўришни истади. Атлетлар кураш каби спорт турида қатнашиш истагини билдирди. Улар беллашувларни сабрсизлик билан кутяпти.

Анил Берка Қиличсаллаян, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчиси, Туркия:

– Бу ўйинлар мен учун катта тажриба бўлади.  Биз миллий ўйинлар орқали туркийзабон қардошларимизни яхшироқ таниймиз. V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари туркийлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Беллашувларга келганда, албатта, тажриба муҳим. Ва биз бу майдонда биринчи ўринни олиш ниятидамиз. 

Эслатамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари Астанада 8-13 сентябрь кунлари ўтказилади. Уларда 89 та давлатдан 2000 нафар спортчи қатнашиши режалаштирилди. Этник спорт турлари бўйича энг йирик анжуманда 21 тур бўйича 97 та медаллар жамламаси ўйналади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.