Хитой Қозоғистонга 25 миллиард доллар сармоя киритади

Хитой Қозоғистонга 25 миллиард доллар сармоя киритади

Қозоғистон ва Хитой умумий қиймати 25 миллиард доллар бўлган 60 та шартнома тузди. Томонлар II «Марказий Осиё — Хитой» саноат-инвестициявий ҳамкорлик форумида шундай натижага эришди. Астанада бўлиб ўтган анжуман давомида энергетика, минералларни қайта ишлаш, машинасозлик, логистика, агросаноат мажмуаси, рақамли технологиялар соҳаларида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Шу жумладан, Қозоғистон ва ХХР биргаликда «яшил» водород ишлаб чиқариш ҳақида келишиб олди.

Мадияр Султанбек, «Kazakh Invest» миллий компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари:

- Энг муҳим шартномалардан бири - Хитойнинг Seraphim компанияси билан тузилди. Унда «яшил» водород чиқариш кўзда тутилган. Бу йўналиш истиқболли ҳисобланади. Водород энергетикаси қатор устун жиҳатлари бор: водород ячейкаларида ишловчи транспорт ва авиация воситалари электрокарлардан афзаллигини намойиш қиляпти. Ҳозирнинг ўзида Жамбил вилоятида 850 миллион доллар қийматга эга маккажўхорини қайта ишлаш заводиқурилиши бошланди. Ақмўла вилояти ҳокимлиги Хитой компанияси билан яна битта шундай лойиҳа юзасидан шартнома тузди.

Марказий Осиёга киритилаётган Хитой сармояси умумий ҳажми 40 миллиард доллардан ошди. Умуман олганда, Қозоғистонда ХХР инвесторлари билан бирга 66 ярим миллиард долларга 224 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. Осмон ости мамлакати билан инвестицияларни муҳофаза қилиш тўғрисида шартномани янгилаш тўғрисида келишиб олинди.

Роман Скляр, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари:

- Биз ҳар бир инвесторга биринчи қадамдан лойиҳа ишга тушгунича кўмаклашиш тамойили остида ишлаяпмих. Солиқлардан, бож тўловларидан озод қилиш, грант бериш, инфратузилма муаммоларини ҳал қилиш каби имтиёзлар ва преференциялар кўзда тутилган. Биз инвесторларнинг захиралар, инфратузилма ва экспорт ёрдамидан бевосита фойдаланишига йўл очамиз. Хитойлик ҳамкорларни Қозоғистон ва Марказий Осиёда бизнес учун яратилган имкониятлардан фойдаланишга чақирамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси