Халқаро кузатувчилар: Референдум очиқ ва шаффоф ўтказилди

Қозоғистондаги АЭС қурилиши бўйича референдум очиқ ва шаффоф ўтказилди. Қозоғистонликлар, айниқса, ёшлар бу жараёнда фаол иштирок этди. Халқаро кузатувчиларга кўмаклашиш марказида бўлиб ўтган матбуот-конференциясида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши миссияси аъзолари таъкидлашича, овоз бериш жараёни мутлақо очиқлиги таъминланди. Жамоат ташкилотлари вакиллари, халқаро кузатувчилар бемалол кузатиш ва фикр билдиришига ҳеч қандай тўсиқ қўйилмади. Референдум жараёнларининг оммавий ахборот воситалари орқали жадал ва кенг ёритилиши оқибатида қозоғистонликлар у ҳақда тўлақонли маълумот олишлари учун бор имконият яратилди. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчилари миссияси раҳбарининг маълум қилишича, овоз берувчиларнинг ҳуқуқлари тўла таъминланди. Сади Жафаров таъкидлашича, референдум Қозоғистон миллий қонунчилигига тўла риоя этилган ҳолда, халқаро тан олинган стандартлар доирасида ўтказилди.

Султан Амирханов, ОҲИЧК котибияти ҳуқуқий маслаҳатчиси:

– Қозоғистоннинг республика учун ўта аҳамиятли бўлган энергетика, экология масалаларига оид муаммоларни ҳал этишдаги ёндашуви аҳамиятли. Амалга оширилган инфратузилмавий ва ахборот тайёргарлиги, фуқароларни бўлғуси референдум ҳақида огоҳлантирган янгиликлар нашрлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини кўрсатиб ўтишни истардим. Астана шаҳридаги референдум ҳақида маълумот берувчи кўп сонли баннерлар, автобусларга илинган лавҳаларни алоҳида таъкидламоқчиман.

Сади Жафаров, Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчилар миссияси раҳбари:

– Биз стратегик масала юзасидан Қозоғистон Республикасида референдум ўтказилишини ижобий баҳолаймиз. Кузатувчилар миссияси, биз асосан Астана шаҳридаги жами 24 та участкада бўлдик. Умуман олганда, жараёнлар шаффоф амалга оширилди, участкаларда зарур маълумотлар қўйилган эди. Миссия фаолияти давомида ноқонуний ҳаракатларни кўрмадик.

Абдумалик Сарманов таржимаси.