Янги Конституция лойиҳаси Абай вилоятида муҳокама қилинди

Янги Конституция лойиҳаси Абай вилоятида муҳокама қилинди

Абай вилоятида бўлиб ўтган мулоқотнинг асосий мавзуси янги Конституция лойиҳаси бўлди. Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси ва Умуммиллий коалиция аъзолари минтақа жамоатчилиги билан учрашди. Абай номли вилоят кутубхонасида беш юз нафар одам тўпланди. Ерлан Қарин ҳужжатни тайёрлаш тамойилларига батафсил тўхталди. Унинг таъкидлашича, ишлар очиқ, жамоатчилик иштирокида олиб борилди, фуқаролар таклифлари e-Otinish ва eGov рақамли майдончалари орқали олинди. Янги Асосий қонун фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, жамиятнинг қадриятларини акс эттирувчи, давлат сиёсатининг инсонни эътибор марказига қўйишини кўрсатувчи замонавий ижтимоий шартнома сифатида кўрилди.

Ерлан Қарин,  Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси:

- Ҳар қандай ижтимоий, касбий мақомдаги инсон янги Конституцияда унинг манфаатлари ҳисобга олинганини кўра олади. Бу нима дегани? Демак, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқлари муҳофаза қилиниши тўғрисида конституциявий кафолатларга эришади. Янги Конституцияга кўра ёши, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро меҳнат ва дам олиш, таълим олиш ва саломатлиги муҳофаза қилиниши, сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, қулай атроф-муҳит шароитида яшаш ҳуқуқига эга.

Давлат маслаҳатчиси Абай вилояти ижодий зиёлилари билан ҳам учрашди. Маданиятни ривожлантириш, тарихий хотирани сақлаш, миллий идентикани мустаҳкамлаш масалалари эътибор марказида бўлди. Қатнашчилар тарихий-маданий меросни сақлаб қолиш, миллий маданиятни қўллаб-қувватлаш тамойилларини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, Умуммиллий коалиция аъзолари ёшлар, жамоатчилар ва турли соҳа вакиллари билан бир қанча учрашувлар ташкил қилди. Уларда янги Конституциянинг асосий жиҳатлари, унинг мамлакатни янада ривожлантиришдаги аҳамияти муҳокама қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси