Парижда Қозоғистон киноси бешинчи фестивалига тайёргарлик кетяпти. Бу тадбир 29 ноябрдан 2 декабргача давом этади. Жорий йилда у «Қиз-Жибек» фильми билан очилади. Картина афсонавий қозоқ режиссёри Султан-Ахмет Ходжиковнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган. Томошабинлар лентанинг бош қаҳрамони – Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Меруерт Утекешева билан учраша олади. У фестивалда қатнашиш учун учиб бориши кутиляпти. Бундан ташқари, француз томошабини қозоғистонлик машҳур фигурист Денис Тен ҳақидаги фильмни кўра олади. Шунингдек, маиший зўравонлик ҳақидаги «Бақит» ўткир сюжетли драмаси, «Тоғ пиёзи» картинаси, қисқа метражли «Тентак Карим» намойиш этилади. Фестиваль «Дўс-Муқасан» мусиқий лентаси билан якунланади.
Андре Иванов, Фестиваль директори,
Қозоғистон киноси француз ҳамжамияти президенти:
– Жорий йилда биз Қозоғистондаги
муаллифлик киноси ва киноклассикага урғу беришга қарор қилдик. Улар қаторида
режиссёр Асқар Узабаевнинг «Бақит» фильмини алоида кўрсатиш мумкин... чунки
зўравонлик, шу жумладан, маиший зўравонлик, аёл ҳуқуқлари бугунги кунда
долзарблигича қоляпти.
Қозоғистон ва Франция ўртасида кино соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга фестиваль доирасида ташкил этиладиган бизнес-майдонча ёрдам беради. Шунингдек, қозоғистонлик дизайнерларнинг коллекциялари намойиш этилади.
Андре Иванов, Фестиваль директори,
Қозоғистон киноси француз ҳамжамияти президенти:
- Жорий йил дастури бир оз фарқли.
Фестиваль 4 кун давом этади. Кундузи тадбиркорлар учрашувлари, Қозоғистон ва
Франция кино профессионаллари учун конференциялар, кино мактаблари билан
учрашувлар ўтади. Кечқурун фильмлар намойиш қилинади.
Қозоғистон киносини Европа томошабинлари эътироф этади. Фильмларни Париждан бошқа шаҳарларда ҳам сабрсизлик билан кутишяпти. Фестиваль тарихида биринчи марта Қозоғистон картиналари Франциядан ташқари Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Австрия, Германия, Польша, Буюк Британия ва ҳатто Африка давлатларида намойиш этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.