Бугунги кунда барча иссиқлик-энергетика марказлари ва муҳандислик тармоқларида ревизия ишлари амалга ошириляпти. Бу ишлар 2023 йил биринчи чорагида ниҳоясига етади. Текширув натижасига кўра тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Кўкшетау ва Семейда эса янги иссиқлик электростанциялари қурилиши бошланди, Павлодар ва Экибастузда объектлар тубдан модернизацияланади. Бугун бўлиб ўтган «Самарали минтақавий сиёсат – мамлакат барқарор тараққиёти асоси» парламент тингловларида шу ҳақда гапирилди. Шунингдек, микро- ва кичик тадбиркорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Зеро, кичик бизнес қозоғистонликлар фаровонлигини ошириш йўлларидан бири ҳисобланади. Жамбил вилоятида эса қишлоқ аҳолиси даромадини оширишга қаратилган пилот лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Маулен Ашимбаев таъкидлашича, натижалар уни республика миқёсида оммалаштириш зарурлигини кўрсатди.
Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:
– Ушбу мақсадларда 2023 йилда мамлакат минтақалари учун 52 миллиард тенге ажратилган. Натижада, 11 минг микрокредит берилиши мумкин. Сенаторлар дастур самарадорлигини мониторинг қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси