Қозоғистон генетиклари қозоқ халқ шажараси картинасини яратишни режалаштирган. Ноёб лойиҳага Мақсат Жабагин раҳбарлик қилмоқда. Бир неча йиллардан буён у пойтахтдаги энг замонавий лабораториялардан бирига раҳбарлик қилади. Бу даргоҳда биомуҳандислар қозоқ этносининг ирсий кодларини очиш борасида мураккаб ва машаққатли тадқиқот олиб бормоқда.
Асия Тайжанова, Биотехнологиялар миллий илмий маркази инсон популяциялари генетикаси лабораторияси илмий ходими:
- Бизга биоматериал, яъни қон олиб келишгач, мен ундаги ДНКни ажратиб оламан ҳамда кейинги таҳлилларга юбораман. Хизмат вазифам шундан иборат. Ҳозир бутун Қозоғистондан турли уруғ вакилларидан қон тўпланяпти. Биз ўтказаётган изланишлар натижасида игрек-хромосомалар асосида генетик дарахтни шакллантиришни режалаштирганмиз.
Таъкидлаш лозимки, ДНК игрек-хромосомаларини тадқиқ қилиш асосида қозоқ уруғларининг у ёки бунисига мансубликни тасдлиқлаш ёки, аксинча, бу уруғ бошида турган одам ким бўлгани ҳақидаги ривоятларни йўққа чиқариш мумкин. Таъкидлаш лозимки, бундай изланишларни амалга ошириш учун фақат лабораторияларда эмас, ундан ташқарида ҳам ишлаш лозим. Генетиклар ҳар йили экспедицияларга чиқади. Жумладан, қўшни мамлакатларга ҳам. Чунки уларда турли уруғларга мансуб кўплаб қозоқ этноси вакиллари яшайди. Улар эса ноёб генетик кодни ташиётган бўлиши мумкин.
Мақсат Жабагин, PhD, Биотехнологиялар миллий илмий маркази инсон популяциялари генетикаси лабораторияси мудири:
- Жорий йилда биз Жанубий, Шимолий, Марказий Қозоғистонни кездик. Ғарбни тўлиқ қамраб ололмасак ҳам, Урал, Ақтўбеда бўлдик. Монголияга экспедиция кўзда тутилган, афсуски, коронавирус пандемияси туфайли бу давлат чегаралари ёпиқлигича қолмоқда. Шунинг учун экспедицияни келаси йилга қолдирдик.
Қозоқ шажарасини тиклаш бўйича генетиклар билан бирга замонавий тарихчилар ҳам ҳаракат қилмоқда. Улар бирга мамлакатнинг янги солномасини яратяпти.
Жақсилиқ Сабитов, тарихчи:
- Биз генетика йўналишида амалга оширган барча кашфиётларимизни инглиз тилида чиқадиган етакчи нашрларда чоп этамиз. 2021 йил 5 январда Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг янги академик
тарихини ёзишни топширди. Бу янги академик тарих доирасида бир бўлим қозоқлар этногенезига бағишланади. Барчага маълум, Қозоғистон академик тарихи мактабларда таълим бериш учун кўзда тутилган давлат стандартининг асоси саналади. Дарсликлар унга асосан ишлаб чиқилади. Шунинг учун Қозоғистон академик тарихида тилга олинган нарсаларнинг бир қисми мактаб дарслигидан жой олишини кутиш мумкин.
Йил охиригача қозоғистонлик генетиклар керей уруғи бўйича ноёб маълумотларни тақдим этиши кутилмоқда. Бу тадқиқотлар айни вақтда хорижда чоп этилади. Бунинг учун олимлар ушбу уруғга мансуб 160 одамнинг қон намуналарини олди ва мамлакатнинг деярли ярмини кезиб чиқди. Айни вақтда қўшни давлатлардаги ҳамкасбларни ҳам изланишларга жалб этишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси