130 йиллик тарихга эга бўлган масжид. Алмати вилоятида мих ишлатмасдан барпо этилган меъморий-бадиий мажмуа реконструкция қилинмоқда. Ёркент масжиди нодир бинокорлик объекти ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бино хитойлик архитектор Хонг Пик тарафидан Валиохун Йўлдошев илтимосига кўра XIX асрнинг 90-йилларида қурилган ва 30 йилча ўз вазифасини бажарган. Масжидда дастлабки реставрация 1975 йилдан 1978 йилгача бўлган даврда ўтказилган. Кейинчалик яна беш марта тиклаш ишлари амалга оширилган. Ҳар бирида бадиий нақш устаси Қуаниш Сейитбеков иштирок этган.
Қуаниш Сейитбеков, рассом-реставратор:
- Мана бу фреска, барельеф, услубий ўсимлик нақшлари – арабескалар асосида ҳаётий фалсафа ётади. Қаранг, бу кўп сонли паннолар, ганчга туширилган нақшлар қанчалик уйғун кўринади, ўз аҳамияти билан тўр, бўёқлар иллюзиясини яратади. Вақт таъсирида хира тортган бўлса-да, ўз рангини йўқотмаган. Мен иккинчи марта музей реставрациясида қатнашяпман, ўша давр иморатсозлигидан ҳайратланишдан тўхтамайман.
Масжидга безак беришда яшил, қизил, сариқ ва кўк ранглар ишлатилган. Ташқи томондаги нақшлар вақт ўтиши билан хиралашган, ичкаридагилари эса дастлабки кўринишида сақланиб қолган, дейди музей ходимлари.
Райхан Амиреева, «Ёркент масжиди» музейи ходими:
- Масжиддаги нақшларда қўлланган бўёқ компонентлари сири ҳалига қадар очилмаган. Бўёқлар таркибини танлашдаги нодир услуб шарофати билан ранглар бугунгача ҳам ёрқинлигини йўқотмаган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси