Фан ва бизнес бирга ишлайди

Фан ва бизнес бирга ишлайди

Пойтахтда илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим даргоҳларининг 15 лойиҳаси тақдим этилди. Таълим ва фан вазирлиги, Фан жамғармаси ҳамда «Атамекен» миллий палатаси ташкил этган тадбирга олимлар ва эҳтимолий инвесторлар тўпланди.
Лойиҳалардан бири юзасидан тадқиқот ишлари 2007 йилда Янги Зеландияда бошланган. Лекин олим Прашант Жамвал уни фақат Қозоғистонга келгач, Назарбаев Университет талабалари билан ҳамкорликда рўёбга чиқара олди. Лойиҳа нейроинтерфейс дастурини ўз ичига олади. Унга фикр билан бошқарилувчи экзоскелет ҳам киради. Бир сўз билан айтганда, ускуна мия сигналларини ўқийди ва инсультни бошидан ўтказган беморларнинг оёққа туриб кетишига ёрдам беради.

Прашант Жамвал, Назарбаев университет профессори:

- Биз тақдим этаётган ишланма хорижда мавжуд бўлган шундай ускуналарга нисбатан анча арзон. Механизмлари такомиллаштирилиши оқибатида анча енгил. Уни Қозоғистон бозорига киритиш ниятидамиз. Клиникаларда унга талаб катта. Ногирон бўлиб қолган кексалар сони ортяпти. Шунинг учун Назарбаев Университет базасида уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Анжуманда бизнес-ҳамкорлар ва фикрдошларни топишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Фаннинг бошқа вакиллари ҳам бизнес-ҳамкорлар топиш учун ҳаракат қиляпти. Улар турли соҳалар - тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, айти бўйича бўйича таклифлар билдиряпти. Ҳар бирининг мақсади – илмий ишланманинг тижоратда самарали бўлишини инвесторларга кўрсатиб бериш.

Қурманғази Ўмаров, «Фан жамғармаси» ҲЖ инвестициялар ва янги лойиҳалар департаменти директори:

- Биз тингланган 50 лойиҳа ичидан мазкур 15 тасини ажратиб олдик. Сентябрдан буён онлайн-питчлар ўтказдик, бизнес-тренерларни жалб қилган ҳолда ўз критерийларимиз ёрдамида лойиҳаларни сараладик. Бизнес-тренерларимиз эса олимларнинг ишланмаларини бизнес-моделлар мезонларига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, молиявий моделни ишлаб чиқиш, ҳисоблаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказишда ёрдам кўрсатди.

Олимлар лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун уч юз миллион тенгегача маблағ олиши мумкин. Илмий ишланмаларни грант асосида молиялаштириш тез кунларда бошланади. Бунинг учун жами 17 миллиард тенге ажратилиши кўзда тутилган. Натижада, олимларнинг 100 та лойиҳасига ёрдам берилади. Жорий йилда танлов шартларига яна бири қўшилган: бизнес-ҳамкорлар лойиҳанинг камида 20 фоизини зиммасига олиши керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси