Қозоғистонда фанни молиялаштириш 2025 йилда ЯИМнинг 1% етади

Қозоғистонда фанни молиялаштириш 2025 йилда ЯИМнинг 1% етади

Келгуси икки йилда фанни ривожлантириш учун 640 миллиард тенге ажратилади. Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Дархан Ахмет-Закининг айтишича, молиялаштириш босқичма-босқич ортиб боради. Маблағ, шу жумладан, фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланаётган илмий  институтларга ҳам берилади. Ҳозир республикадаги 13 институт бевосита молиялаштириляпти, келгуси йилдан улар қаторига 28 та илмий марказ қўшилади. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда фанни молиялаштириш 2025 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизини ташкил қилади. 

Дархан Ахмет-Заки, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари:

- 28 мартда 2023-2029 йилларга мўлжалланган Қозоғистон  Республикасида олий таълим ва фанни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Бу ҳужжатда биз таълим сифатини ошириш бўйича асосий вазифаларни белгилаб олганмиз. Унда олимлар сонини ошириш, илмий эко-тизимни мустаҳкамлаш, фаннинг иқтисодга қўшаётган улушини ошириш, университет таълимини ва фанни бошқаришни такомиллаштириш механизмлари кўзда тутилган. 

Таъкидлаш лозимки, фанни қўллаб-қуватлаш ва Қозоғистон ёшларини жалб этиш доирасида янги уй-жой дастури ишга туширилди. Лойиҳа 5 йилга мўлжалланган. Унда 40 ёшгача бўлган мамлакатимиз тадқиқотчилари қатнашиши мумкин. Олимларга дастлабки тўлови 10 фоиз, йиллик устамаси 5 фоизга тенг бўлган ипотека қарзи берилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.