Қозоғистонда кенг кўламли волонтёрлик лойиҳаси – «Эзгу ишлар марафони» фаолияти давом этмоқда. Жорий йилда умуммиллий ғоя республика Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланади. Марказий Коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда фуқаролик жамияти қўмитаси раиси Мадияр Қўжахмет шу ҳақда сўз юритди. Унинг айтишича, республика хайрия лойиҳаси кенг қамровли ва унинг иштирокчилари сони жуда кўп. Фақат сўнгги ойнинг ўзида бир ярим мингта хайрия тадбири ташкил қилинди. Ушбу акцияларда салкам икки миллион нафар жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган қозоғистонлик қатнашди. Нотиқ фикрича, бир йил давомида волонтёрлик ташкилот ва гуруҳлари сони уч марта ошиб, олти юзтага етди.
Мадияр Қўжахмет, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги фуқаролик жамияти қўмитаси раиси:
- Биз республика волонтёрларининг «Birgemiz» фронт-офисини ишга туширдик, кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантириш мақсадида зарур инфратузилмалар, 17 та минтақавий офис яратдик. Иш давом этяпти. Ҳозирда QazVolunteer.kz майдончаси фаолиятига катта умид билан қараяпмиз. 47 минг волонтёр ва 3 мингдан зиёд ташкилотни ўзида жамлаган ягона ахборот воситаси кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилишига туртки берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси