Европа Иттифоқи Қозоғистондаги ислоҳотларни юқори баҳолайди

Европа Иттифоқи Қозоғистондаги ислоҳотларни юқори баҳолайди

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик кенгайиб бораётгани кузатиляпти. Европа ташқи сиёсий фаолият хизматининг Шарқий ҳамкорлик, Россия, Кавказ, Марказий Осиё бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девинь таъкидлашича, Қосим-Жўмарт Тўқаев ислоҳотлари юқори баҳоланмоқда. Юқори даражада ташкил қилинган бир неча муҳим учрашув барқарор хом ашё ва «яшил водород»ни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланишига олиб келди. Эксперт таъкидлашича, Қозоғистоннинг энг йирик инвестори бўлган Европа Иттифоқи иқтисодий, маданий, илмий ҳамкорликни давом эттириш ниятида.

Люк Девинь, Европа ташқи сиёсий фаолият хизмати шарқий ҳамкорлик, россия, кавказ, марказий осиё бошқарувчи директори ўринбосари:

- Бугунги кунда бизнинг маромида ривожланиб келаётган ўзаро алоқаларимиз янада жадал кенгая бошлади. Томонлар олий даражада бир нечта учрашув ўтказди. Европа кенгаши раиси Шарль Мишель яқинда мамлакатингизга ташриф буюрди, келаси ҳафтада Европа Ташқи ишлар хизмати раҳбари Жозеп Боррель ҳам Астанага келади. Биз Қозоғистоннинг беқарор дунёда, минтақада тутган мавқейини, вазминлигини юқори баҳолаймиз. Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик тарафдоримиз. Президент Тўқаев имзолаган олтита қонунни, мамлакатда демократия ривожланиши, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида  товар айланмаси ўтган йилгига нисбатан икки марта ортган. 2022 йилнинг 8 ойи давомида салкам 30 миллиард долларни ташкил қилган. Мамлакатга келаётган Бельгия инвестициялари миқдори биринчи ярим йилликда 1 миллиард 200 миллион долларга етди.

Фульвио Мартушелло, марказий осиё бўйича европарламент делегацияси раҳбари:

- Қозоғистон билан дўстликдан мамнунмиз. Бутун Европа мамлакатингизга қизиқиш билан қарайди. Қозоғистон Марказий Осиёда муҳим ўрин тутади. Менимча, Янги Қозоғистон минтақанинг энг муҳим давлатига айланади. Президент Тўқаев ислоҳотлари ижобий таассурот қолдиради. Конституцияни янада демократлаштириш, президент бошқарувини бир марта бериладиган етти йиллик муддатгача қисқартириш жуда муҳим. Биз Қозоғистон билан ўрнатилган яхши муносабатлардан фахрланамиз. Кун сайин яқинлашишда давом этамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси