Евроосиё Ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Евроосиё Ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Тўсиқсиз савдони ривожлантириш, бизнес-иқлимни шакллантириш, сайёҳлик салоҳиятини очиб бериш. Қозоғистон Бош вазири ЕОИИга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари билан  Евроосиё Ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Иттифоқ доирасида ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва келгусидаги шериклик истиқболларини муҳокама қилди. Ўлжас Бектенов ЕОИИ ҳудудида қулай бизнес-муҳитни шакллантиришнинг аҳамиятини таъкидлади. Унинг фикрича, бу барқарор иқтисодий ўсиш гаровидир. Бугунги кунда Иқтисодий бирлашма ҳудудида тартибга солувчи ва ҳақиқий таъсирни баҳолаш механизми ишлаб турибди. Тадбиркорлик фаолиятини юритиш шартларини яхшилаш чораси сифатида бу механизмни ЕОИИ доирасидаги халқаро шартномаларни қўллашни кенгайтириш таклиф этилмоқда. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Томонлар оммабоп йўналишлар ва диққатга сазовор жойлар борасида ягона ахборот захирасини яратиш устидаги ишларни кучайтириш таклифини билдирди. Учрашув якунида қатнашчилар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор ҳужжатларни имзолади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев таъкидлаганидек, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи иқтисодий интеграция жараёни муваффақиятли амалга ошадиган, ўзаро савдо равнақ топадиган муҳим платформа ўлароқ ўз самарадорлиги кўрсатди, айни пайтда, у ташқи шароитларга миллий даражада самарали мослашишга хизмат қилади, қолаверса, ЕОИИ доирасида  иқтисодиётларимизнинг рақобатбардошлигини таъминлашда асосий омил бўлади. ЕОИИ – нафақат имкониятлар майдони, балки умумий манфаатларни рўёбга чиқариш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсида рақобатбардошликни ошириш учун платформа ҳамдир.

Абдумалик Сарманов таржимаси