Астанада Осиёда ҳамкорлик ва ишонч
чоралари кенгаши ташкилоти штаб-квартираси очилди. Унинг ишга туширилишига
бағишланган тантанали маросимда Қозоғистон Президенти қатнашди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев ва ОҲИЧК Бош котиби Қайрат Сарибай биргаликда янги бош офис лавҳини очди.
Сўнгра фахрий қоровул ротаси ташкилот байроғини тантанали кўтарди. Давлат
раҳбарига иш жойлари: кабинетлар, open space-зона, таржимонлар офиси, раислик зали,
шунингдек, музей-кутубхона майдони намойиш қилинди. Президент таъкидлашича, Астанада
ОҲИЧК штаб-квартираси очилиши тарихий воқеа ҳисобланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
– Ўттиз йилча аввал Қозоғистон Осиёда
ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши ташкилоти тузиш ташаббуси билан чиққанди. Ушбу
ташаббус минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича кучларни
бирлаштиришга қаратилган қадам сифатида халқаро ҳамжамият томонидан кенг
қўллаб-қувватланди. Биз ҳамиша фақат ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тушуниш
ва мулоқот мустаҳкам тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка олиб келишига
ишонганмиз. Замонавий шароитда ОҲИЧКнинг ишонч чораларини мустаҳкамлаш тамойили
ўта долзарб. Осиёнинг 90 фоизи ва дунё аҳолисининг ярмини бирлаштирган ташкилот
ривожланиб бораётган халқаро муносабатлар тузилмаларининг муҳим элементига
айланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, геосиёсий
таранглик кучайиши ва кўп томонламалик тамойили заифлашиши минтақа ва глобал
барқарорлик учун жиддий чорловларни юзага келтиради. Шунингдек, Давлат раҳбари Қозоғистон
кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш йўлида давом этишини
кўрсатиб ўтди. Айни вақтда, Президент мамлакатнинг энергетика, транспорт ва рақамлаштириш
инфратузилмаларини фаол ривожлантириш бўйича мамлакат томонидан амалга
оширилаётган чора-тадбирларга тўхталди. Қосим-Жўмарт Тўқаев стратегик
йўналишлар қаторида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш масаласини кўрсатди, бу
эса иқтисодий диверсификациялаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
– Биз қўшимча қиймат глобал занжирига
тўла интеграцияланган, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш мақсадларига мос
барқарор иқтисод барпо этяпмиз. Узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун халқаро
шерикларимиз билан тиғиз ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Вазиятдан фойдаланган
ҳолда, бу муҳим стратегияни рўёбга чиқаришда берган ёрдами учун дипломатия
ҳамжамиятига миннатдорчилик билдираман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

