«Жас қазақ» этнолагери қандасларнинг 200 нафар фарзандини ўз бағрига олди. У «Бурабай» курорти
ҳудудида жойлашган. Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Монголия, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Беларусдан келган болалар учун икки ҳафта давомида кенг
кўламли кўнгилочар-таълимий дастур тақдим этилди. Улар чавандозлик, камондан ўқ отишни ўрганди, миллий анъаналар, қозоқ тили, дўмбира дарсларида қатнашди, миллий қозоқ спорт турлари ва амалий
санъатидан баҳраманд бўлди. Болалар учун
бундай таътилни «Отандастар» жамғармаси
ташкил қилган.
АБЗАЛ САПАРБЕКУЛИ, «ОТАНДАСТАР ЖАМҒАРМАСИ» НОТИЖОРАТ ҲИССАДОРЛИК
ЖАМИЯТИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Лойиҳадан мақсад битта: баъзилари умрида биринчи марта Қозоғистонга
келган болаларни келажакда ушбу мамлакатда таълим олишга чақириш. Шунинг учун
асосан юқори синф ўқувчилари таклиф этилди. Бугун ходимларимиз сўров ўтказди. Болаларнинг
бешдан тўрт қисми Қозоғистонда таълим
олиш истагини билдирди.
Иманбек Книязули Монголиядан.
Қозоғистонга биринчи марта келиши. У болалигидан тарихий ватанига боришни орзу
қилган. Қисқа муддат ичида дўмбира чалишни ўрганиб олди. Турли давлатлардан кўплаб дўстлар
орттирди. Этнолагернинг ёпилиш маросимида миллий санъатга муҳаббати ва
ҳурматини намойиш қилиш учун бошқа болалар билан бирга саҳнага чиқди.
ИМАНБЕК КНИЯЗУЛИ, ЛАГЕРЬ ЎҚУВЧИСИ /МОНГОЛИЯ/:
- Бу ерда кўп болалар
билан танишдим, Эрон, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитойдан дўстлар
орттирдим. Бу жойлар менга
жуда ёқиб қолди. Қозоғистон жуда чиройли. Бизда ҳар куни
қозоқ тили, тарихи дарслари ўтилади. Камон отишни машқ қиламиз. Дўмбира чаламиз. Жуда қизиқарли.
Дана Жумабаева қўшни
Россиядан. Иманбек каби у ҳам дўмбира чалишни ўрганиб олди. Бир неча кун ичида машҳур халқ куйлари аккордларини ўзлаштирди. Энди аждодларининг бошқа мусиқа
асбобларини чалишни ўзлаштирмоқда.
ДАНА ЖУМАБАЕВА, ЛАГЕРЬ ЎҚУВЧИСИ /РОССИЯ, МОСКВА/:
- Дўмбира чалиш
менга жуда ёқади. Бу – халқ чолғу асбоби. Авваллари гитара чалганман. Шунга
ўхшаш нимадир кўраман, дегандим. Лекин дўмбира менга ёқиб қолди, унда куй ижро
этиш менга жуда ёқади. Бу ерда яхши
болалар кўп. Ҳаммаси
очиқкўнгил. Лагерь ҳам жуда ёқди. Ҳамма нарса чиройли, ажойиб, шинам,
ёқимли ва қулай.
Лойиҳа
иштирокчиларининг барчаси иқтидорли болалар. Лагерга келиш учун уларнинг ҳар бири махсус танловда сараланди. Болалардан биринчи навбатда
қозоқ тили ва тарихини билиш талаб қилинди.
АЙША ЎХТАУБАЕВА, ЛАГЕРЬ ЎҚУВЧИСИ
/РОССИЯ, БАРНАУЛ/:
- Янги дўстлар орттирдим. Қозоғистон тўғрисида кўп нарса билиб олдим. Қозоқ
тили танловида ютиб чиқдим, шунинг
учун лагерга келиш имконига эга бўлдим. Танлов Олтой республикасида
ўтказилди, 100 нафар иштирокчидан тўрттаси саралаб олинди.
Қандаслар фарзандлари учун дастлабки этнолагерь 2019 йилда очилганди. Келишни истовчилар кўп бўлган. Пандемия бошлангач, икки йиллик танаффус қилинди. 2022 йилда иш қайта бошланди. Жорий йилда икки марта кўп бола таклиф этилди. Биринчи марта дам олган болаларнинг кўпчилиги келаси йили ушбу лагерда волонтёр сифатида ишлаш ниятида.
Абдумалик Сарманов
таржимаси