ЕОИИ ҳудудида қўшма лойиҳалар субсидияланади

ЕОИИ ҳудудида қўшма лойиҳалар субсидияланади

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳудудида ишлаб чиқариш соҳасида амалга ошириладиган қўшма кооперация лойиҳалари молиявий кўмак олади. Мажилис бунга ҳуқуқ берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.  Баённомага кўра, молиялаштириш манбаи махсус, антидемпинг ва компенсация божлари бўйича ундириладиган умумий сумманинг 10 фоизини ташкил этади. Маблағлар молиявий ташкилотларга ва Евроосиё Тараққиёт Банкига субсидиялар шаклида Иттифоққа аъзо давлатлар миллий банклари томонидан белгиланган базавий ставканинг 100 фоизи миқдорида берилади.

Бир лойиҳа бўйича субсидиянинг максимал ҳажми йилига 1 миллиард 890 миллион тенгени ташкил этади. Бу эса 5 йил ичида 9 миллиард 450 миллион тенгега етади. Яъни ишлаб чиқарувчи корхоналар қўшма лойиҳаларни 5 йилда рўёбга чиқариши шарт. Бунда кредит базавий ставканинг 6,5 фоизидан ошмаслиги даркор. Шу билан бирга, камида Иттифоққа аъзо 3 та давлат кооперацияда иштирок этиши лозим. Молиялаштиришнинг янги механизмига кўра, лойиҳалар бир неча босқичда саралаб олинади. Бунинг учун кредит олувчи олдиндан молиявий ташкилотга ариза беради. Айтиш лозимки, бу реестрга Қозоғистоннинг 15 та молиявий ташкилоти киритилган.

Қанат Шарлапаев, Қозоғистон Республикаси  Саноат Ва Қурилиш Вазири:

-  Лойиҳа белгиланган тартибда Евроосиё Иқтисодий комиссияси экспертлар гуруҳи томонидан ва саноат консультатив қўмитасида,  шунингдек, Евроосиё Иқтисодий комиссияси ҳайъати ва кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади. Кўриб чиқишнинг барча босқичларида давлат органлари ва бизнес ҳамжамият вакиллари иштирок этади. Лойиҳани маъқуллаш ва субсидия бериш тўғрисидаги қарор Евроосиё Иқтисодий комиссияси кенгашида қабул қилинади. Мазкур Кенгашда  Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари қатнашади.  

Россия мамлакатимиз орқали 70 миллион тонна нефть экспорт қилади

Шу билан бирга, Мажилисда Россия нефтининг Қозоғистон орқали  Хитойга ташуви борасидаги келишувга киритиладиган ўзгартишлар маъқулланди. Ҳужжатга биноан, тарафлар шартномани 2024 йилдан 2033 йилга қадар узайтириш истагини билдирган. Натижада, Россиядан 10 йил давомида Осмоности юртига  100 миллион тонна нефть экспорт қилинади. Мамлакат Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, бунда транзитдан кутилаётган даромад 1 миллиард 850 миллион доллардан ошади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.