ЕОИИ да илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатлар тан олинади

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар автомат шаклда илмий даражалар тўғрисида ҳужжатларни ўзаро тан олади. Сенат тасдиқлаган шартномага кўра, томонлар фалсафа доктори, фан номзодлари ва докторлари миллий жараёнлардан ўтиши шарт эмаслигини тасдиқлайди. Лекин бу бошқа давлатда ишга кирган тақдирда, илмий даража учун устама маош берилишини кафолатламайди.

Алтинбек Нуҳули, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:

- Шартноманинг ратификация қилиниши ЕОИИ меҳнат бозорини мустаҳкамлашга, меҳнат захираларининг эркин ҳаракатланишини таъминлашга, фуқароларнинг касбий фаолияти учун енгилликлар яратишга қаратилган. Қонун қабул қилиниши илмий кадрлар алмашишни рағбатлантиради ҳамда ЕОИИ давлатлари таълим тизимлари интеграциясини таъминлайди.  Бу эса университетлар ва тадқиқот институтлари ўртасида илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қозоғистон ва Қирғизистон авиақидирув соҳасида ҳамкорлик қилади

Сенат Қозоғистон ва  Қирғизистон ўртасида авиация ёрдамида қидирув-қутқарув ишларини амалга оширишда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатни ҳам ратификация қилди. Ҳаво кемаларида фалокат юз берган тақдирда томонларнинг қидирув-қутқарув хизматлари биргаликда иш олиб боради, маълумот ва тажриба алмашади. Томонлар ўртасидаги шартномани рўёбга чиқариш учун масъул бўлган тегишли ташкилотлар белгиланди.

Алишер Сатвалдиев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати Депутати:

- Ҳозирги кунда авиация машқлари учун «Казаэронавигация» базасида 27 та аэродром ва қўниш майдончасида вертолётлар навбатчилиги ташкил қилинган. Заруратга кўра, Мудофаа вазирлиги вертолётлари, шунингдек, халқаро стандартлар асосида ўқитилган мутахассислар, кеча-кундуз ишловчи алоқа воситалари ҳам бу ишга жалб этилиши мумкин. Қидирув-қутқарув мувофиқлаштириш маркази тузилган. Мудофаа вазирлигининг парашютчи-десант гуруҳлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қидирув-қутқарув жамоалари бу борада ишлашга тайёр.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.