Қозоғистонга энг кўп инвестиция Евроосиё Тараққиёт Банки томонидан киритилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегия рўёбга чиқарилиши бўйича дастлабки икки йил якунларига кўра, мамлакатга келган капитал ҳажми 70 фоизга ортган. Бу эса икки миллиард доллардан зиёд сармоя дегани. Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов ва банк бошқаруви раиси Николай Подгузов учрашувидан кейин шундай баёнот берилди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда банк Алмати аэропортини кенгайтириш ва модернизациялаш лойиҳасини молиялаштиряпти. Истиқболли лойиҳалар қаторида «Аягўз-Бахти» темирйўл линияси, Хитой чегарасидаги янги ўтиш жойи қурилиши ҳам бор. Янги инфратузилма туфайли юк айланмаси йилига 20 миллион тоннага ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, молиявий ташкилот «Астрахань-Манғишлақ» магистраль сув қувурини реконструкциялаш ва кенгайтиришда қатнашишни мўлжаллаган. Умуман олганда, ЕОТБ молиявий ёрдами билан Қозоғистонда турли соҳаларда қиймати 5 ярим миллиард долларга тенг 100 дан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.