Қозоғистонда Экспортчи ва импортчилар учун махсус сайт яратилди. Бизнес «йўл харитаси»га кўра, тадбиркорларни огоҳлантириш мақсадида Россия ва Беларусга қўлланган санкция чекловлари, экспорт ҳамда импорт қилиш тақиқланган товарлар рўйхати кўрсатиб ўтилди.
«Қатор мамлакатлар томонидан Россия ва Беларусга санкциялар жорий этилиши сабабли «у ёки бу товар, банкка нисбатан санкция жорий этилганми», каби қатор саволлар туғиляпти. Бу мазкур давлатларга Қозоғистон маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидангина долзарб эмас. Маълумки, биз бутун дунё билан эркин савдо қиламиз, ягона Евроосиё божхона майдони шароитида товарлар ўтказиш имкон қадар осонлаштирилган. Бундан ташқари, Қозоғистон орқали Россия ва Беларусга мўлжалланган кўплаб товарлар ўтади. Бизнинг ҳозирги вазифамиз – реэкспорт сабабли санкция жорий этган давлатлар эътиборига тушиб қолмаслик», деб ёзади Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов ўзининг Facebook саҳифасида.
Шунингдек, бу майдончада икки давлат бозорини тарк этишга қарор қилган халқаро компаниялар рўйхати берилган. Шуни айтиш лозимки, бу маълумотларнинг ҳаммаси давлатлар ҳукуматлари сайтидан олинган. Бундан ташқари, маълумот мунтазам янгиланиб борилади, дея таъкидлади вазир.
Абдумалик Сарманов таржимаси