Экспертлар сайлов ҳақида

Экспертлар сайлов ҳақида

Экспертлар, сиёсатчилар, дипломатлар ва аналитиклар Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловини демократия сари қўйилган муҳим қадам, деб таърифлади. Европадаги ҳамкорлар ҳам республикамиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жозеп Боррель маълум қилди. Европалик дипломат Қозоғистон минтақадаги энг муҳим савдо ҳамкори эканлигини ҳам таъкидлади. Келажакда Марказий Осиё ва унинг транзит салоҳияти ортиши муқаррар.

Жозеп Боррель, Европа иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили:

- Биз Қозоғистондаги сайлов жараёнларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Бу тадбир ўтказилишини қўллаб-қувватлаймиз. Ортга қайтмаслигига умид қиламиз. Биз Қозоғистон тўғри йўлдан бораётганига ишонамиз. Мамлакат сиёсий трансформация йўлига кирганидан мамнунмиз.

Экспертлар жорий йилнинг асосий воқеасини Қозоғистондаги сиёсий тузум  ва асосий ташкилотларни қайта ишга тушириш нуқтаси, деб атади.  Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти мутахассиси Арман Тўқтушақов таъкидлашича, президент сайлови янги, нисбатан халқчил давлат тузилиши модели шаклланишига олиб келади. Сиёсий трансформациянинг келгуси босқичи эса Парламентга сайловлар натижасида юз беради.

Арман Тўқтушақов, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти мутахассиси:

- Парламент энг муҳим сиёсий ташкилот сифатида ислоҳотга муҳтожлигини тушуниб етиш жуда муҳим. Яқин келажакда яна 2-3 та янги партия пайдо бўлишини кутиш мумкин. Улар тегишли жараёнлардан ўтиб, рўйхатга олинади. Энг муҳими, рақобат кучаяди. Рақобат эса мамлакатда демократия мавжудлигини кўрсатади. У қанчалик кенг ривожланса, мамлакатни ривожлантиришга доир муқобил йўллар шу қадар кўпроқ тақдим этилади. Энг муҳими, бу сиёсий ислоҳотлар оддий қозоғистонликлар учун зарур. Чунки давлатчиликда сиёсий тизим иқтисодий ислоҳотлар рўёбга чиқарилишига жавобгар. Бизда сиёсий тизим янгиланса, унинг самарадорлиги, мувозанати, шаффофлиги ортади. Табиийки, бундай ҳол барча қозоғистонликлар фаровонлиги ва турмуш сифатига таъсир кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси