Лотин ёзувига ўтиш – шунчаки ҳарфларни алмаштириш эмас, давлат тили ислоҳоти. Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси Адилбек Кабаев маълум қилишича, бу масалада қозоғистонликлар турли фикр билдирмоқда. Кўплар асоссиз хавотирлар билдиряпти, нотўғри маълумотларга таяняпти. Адилбек Кабаев Қозоғистон ўтган асрда лотин ёзувидан фойдаланганини эслатди. Аниқроқ айтсак, бугунги кунда биз унга қайтяпмиз.
Адилбек Кабаев, Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси:
- Лотин ёзувига кўчиш билан лотин тилига ўтамиз, деб ўйлайдиганлар ҳам кўп. Тарихдан келиб чиқсак, ўн йил давомида қозоқ алфавити лотин ёзуви асосида қўлланилган. Бундан умуман қўрқиш керак эмас. Лотин ёуви ҳамма ерда ишлатиляпти. Масалан, машиналар номерларига қаранг, атрофимизда лотин ёзуви жуда кўп. Самолёт, поезд билети тўлдирилганда ҳам лотин ёзуви ишлатилади.
Экспертлар фикрича, Қозоғистон лотин ёзувига ўтаётганида алоҳида мутахассислар фуқароларни янги алфавитга ўқитади.
Адилбек Кабаев, Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси:
- Энг аввало, янги алфавит амалга киритилганида янгиланган орфографик ва орфоэпик луғатлар чиқарилиши зарур. Бундан ташқари, биз ммлакатнинг барча қисмларидан репетиторлар тўпладик. Улар махсус таълим олишди, рўйхатлар ҳозирланган. Одамларни ўқитишади. Гуруҳ бўлиб келиб, таълим олишади, кейин маҳаллий аҳолини ўқитади.
Таъкидлаш лозимки, инсоният тарихида тил ислоҳоти фақат Қозоғистондагина юз бермаган. АҚШда бу иш 5 марта, Францияда 2 марта, Россияда 4 марта ўтказилган. Шуниси ҳам маълумки, ҳозир Ер юзи аҳолисининг атиги 4 фоизи кириллицадан фойдаланади, 70 дан ортиқ мамлакатда лотин графикасига асосланган алфавит амалда.
Абдумалик Сарманов таржимаси